18:19 / 22.09.2019
6
16824

«Ватанпарвар»нинг Навоийдаги тизимидаги зиддиятлар: Хатирчи туман бўлими жамоаси вилоят ташкилоти раисидан норози

Kun.uz таҳририятига «Ватанпарвар» ташкилотининг Хатирчи туман ўқув спорт техника клуби жамоаси мурожаат йўллаб, вилоят ташкилоти раиси томонидан ўзларига нисбатан ноҳақлик қилинаётгани, бунинг ортидан клуб бошлиғи Акмал Пўлатов ҳам ишдан олингани, улар бундан норози эканликларини билдиришган.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Хатирчи туманида бўлиб, «Ватанпарвар» ташкилотининг туман ўқув спорт-техника клуби жамоаси билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Ташкилотга ишга келганимизда бу ерлар ташландиқ кўринишда, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун кимёвий ўғитлар сақланадиган омбор эди. Бир неча йиллар давомида раҳбаримиз бошчилигида шу ерларни обод қилдик. Эски биноларни бузиб, янги, замонавий бино барпо этдик. Кўп қисмини жамоамиз ҳашар қилиб, ўз кучи билан амалга оширди. Бу ер кўркам гўшага айланди, ташкилот ишлари ҳам жойига тушди.

Ташкилот ҳудудидаги бўш ерда иссиқхона ташкил қилиб, етиштирган лимонимиз ҳосилга кирган. Аммо шунча хайрли ишларни ўзбошимчалик билан қилинган, деган важ билан «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти раиси томонидан турли босимлар бошланди ва бошлиғимизни ҳам ишдан бўшатди. Жамоа фикри умуман сўралмади. Ҳамма иш жойида бўлса, бир ташландиқ жойни меҳнатимиз билан шундай замонавий ҳолатга келтирган бўлсак», — дейди туман ЎСТК жамоаси вакиллари.

Уларнинг эътирозлари асосида клуб ҳудудини кўздан кечирдик. Бу жойнинг аввалги ташландиқ ҳолати ва ҳозирги аҳволини исботловчи фотосуратлар билан танишдик. Ҳақиқатан ҳам йиллар давомида жамоат томонидан катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўлдик.

Айни вақтда «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти томонидан клуб раҳбарлигидан олинган А.Пўлатов билан ҳам учрашиб, у билан суҳбатлашдик.

«Тўғриси, бизга нисбатан нега бундай бўлаётганини билмайман. Ишимни бир неча йилдан буён виждонан бажариб келаётгандим. Бу жойни ободонлаштириб, кўркам масканга айлантиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Иссиқхона ташкил қилиб, лимон етиштирдик. Ахир, у пайти бутун республикамизда ердан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхоналар ташкил этилаётган эди. Ҳосилга киргандан кейин ходимларга тақсимлашни йўлга қўйдик. Бир донасини ҳам сотмаганмиз. Ўша ҳосилдан вилоятдаги раҳбаримизга олиб бориб, шундай ишларни йўлга қўйганимизни айтгандим. У эса бизни ўзбошимчаликда айблади. Шундан кейин менга нисбатан асоссиз интизомий чоралар кўрилди. Қурилишларни ҳам ноқонуний қилган, деб прокуратурага ҳам берди. Молиявий аҳволимизни ҳам текширтирди. Бирорта камчилигимиз, камомадимиз йўқ. Аммо асоссиз айбловлар билан барибир ишдан олди. Мен ишдан кетганимга эмас, шунча йил давомида қилган ишларимизга ачиндим. Охирида менга айтган раҳмати шу бўлди. Менга нисбатан ноҳақлик қилинди, бу ўзаро зиддиятга, айнан менга қарши қилинаётган уюштирилган фитнага ўхшайди», — дейди А.Пўлатов.

Мазкур ҳолат юзасидан «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти раиси Ж.Достонов билан суҳбатлашдик.

«А.Пўлатовнинг ўзбошимчалик билан қилган ишлари кўп. Интизомий жазолари бор. Бу иш билан тегишли ташкилотлар шуғулланяпти. Жумладан, прокуратура органларига ҳам берганмиз», — дейди Ж.Достонов.

Хўш, А.Пўлатов ҳақиқатан ҳам ноқонуний ишлар билан шуғулланганми?

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти раиси Ж.Достонов берган маълумотлар асосида Хатирчи туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб борган. Бироқ, Хатирчи туман ЎСТКда ўтказилган терговга қадар текширув давомида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани боис Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Прокуратура хулосасига кўра, А.Пўлатовга нисбатан «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти раиси Ж.Достонов томонидан қўйилаётган айблар асоссиз бўлиб чиққан.

Шундай экан, А.Пўлатовнинг ишдан олинишига ҳақиқатдан ҳам ўзаро зиддиятлар сабабми? А.Пўлатовнинг лавозимидан озод этилиши қай даражада қонуний бўлган?

Бу ҳолатлар «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ва тегишли ташкилотлар томонидан жиддий ўрганиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top