Жамият | 07:49 / 06.02.2024
14852
1 дақиқада ўқилади

Навоийда 10 марта “радар”га тушиб жарима тўламаган ҳайдовчининг машинаси хатланди

Ҳайдовчининг қоидабузарлик бўйича жарималари ва бошқа қарздорликлари йиғилиб 105 млн сўмга етган.

Хатирчи туманида қоидабузарлик содир этиб, тўламай юрган ҳайдовчининг Lacetti машинаси МИБ томонидан хатланди. Бу ҳақда МИБ Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, МИБнинг Хатирчи туман бўлими иш юритувида қарздор А.Ф.га нисбатан ИИБ ЙҲХБ томонидан қўлланилган 10 та маъмурий баённомага асосан 6 млн 120 минг сўм, 91 млн сўм кредит ва 4,5 млн сўм бошқа қарздорликларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўлган. Ҳайдовчи ушбу қарздорликларни тўламагач, унга тегишли тегишли бўлган Lacetti машинаси хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ҳайдовчи 10 та ҳолатда ҳам тезлик чекланган ҳудудларда тезликни белгиланган меъёрдан ошириш билан боғлиқ қоидабузарликларни содир қилган.

Олдинроқ Тошкентда 88 марта жаримага тушиб, тўламаган ҳайдовчининг Spark машинаси жарима майдончасига жойлаштирилгани хабар қилинганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид