07:33 / 25.09.2019
2
43542

ХТВ «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами бўйича ота-оналарга мурожаат билан чиқди

Фото: ЎзА

Ўзбекистонда кенг нишонланадиган 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамига саноқли кунлар қолди. Айни пайтда мамлакатда мазкур байрамни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур жараёнда баъзи синфларнинг қўмита вакиллари “ўта фаоллик” кўрсатмоқда. Яъни, ўқитувчиларни байрам билан табриклаш мақсадида пул йиғимларини ташкил қилиш натижасида айрим ота-оналар норозилигини келтириб чиқариш ҳолатлари учрамоқда.

Халқ таълими вазирлиги 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамида фарзандларига билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларни ўз истак, имкониятларидан келиб чиқиб, табриклаётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдирган. 

“Лекин ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас. Агарда кимнинг имконияти бўлмаса, бошқа фаол ота-оналар томонидан мажбурлаш ёки улар номидан умумий совға қилиш баҳонасида мажбурий пул йиғиш нотўғри.

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ота-оналар норозилиги билан ундириладиган барча йиғим турларига чек қўйиш кераклигини эслатиб ўтади. Ўқитувчиларни хурсанд қилмоқчи бўлсак, байрамни ҳақиқий кўтаринки руҳда нишонлайлик ва ҳеч кимни норози бўлишига йўл қўймайлик!” - дейилади вазирлик мурожаатномасида. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top