22:30 / 27.09.2019
0
4599

Тошкентда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

Форум Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида сенаторлар, депутатлар, вазирликлар ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбир иштирокчилари хотин-қизларнинг ижтимоий мақомига ва жинслар тенглиги масаласига эътибор қаратди. Мамлакатимизда бу йўналишда жамиятнинг барча аъзолари учун тенг имкониятлар яратишнинг қонунчилик базасини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича иш олиб борилаётгани қайд этилди. Тадбир давомида яқинда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларининг асосий қоидалари, моҳияти ва аҳамияти батафсил кўриб чиқилди.

Шунингдек, давра суҳбатида оила бузилишининг олдини олиш, жамиятда оила мақомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Шу муносабат билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги амалий иш тажрибаси батафсил кўриб чиқилди ва таҳлил қилинди.

Тегишли кўникма ва қобилиятга эга фаол хотин-қизларни раҳбар лавозимларига тайёрлаш, ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хотин-қизларга нисбатан жиноят кўрсаткичларини камайтириш чораларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ҳамда фуқаролар орасида профилактика ва тушунтириш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Имкониятлари чекланган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳақида сўз борганда бундай тоифадаги аёллар билан ишлашда психологик ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш муҳим эканлиги қайд этилди. Бунда улар учун ижтимоий шарт-шароитни яхшилаш ва улар бандлигини таъминлаш имкониятлари батафсил муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда бўлажак сайловда хотин-қизлар иштирокини фаоллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top