09:13 / 02.10.2019
0
32903

Туркманистон ички ишлар вазири президентнинг учта «охирги огоҳлантириши»дан кейин лавозимидан четлатилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ички ишлар вазири, полиция генерал-лейтенанти Искандар Муликовни ўз лавозимидан бўшатди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълумотларга кўра, ўз фаолияти давомида ва вазирликка бўйсунувчи тузилмалар раҳбариятида йўл қўйилган жиддий камчиликлар, ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлик ҳамда хизмат мажбуриятларини қўпол бузганлик учун Муликовнинг унвони полиция майоригача пасайтирилган ҳамда у барча давлат мукофотларидан маҳрум этилган. 

Унинг ўрнига бош вазир ўринбосари Мамметхон Чакиев вазир этиб тайинланган.

Апрелда Туркманистон президенти Муликовга вазифаларини тегишлича бажармаганлик ва фаолиятидаги камчиликлар учун охирги огоҳлантириш билан қатъий ҳайфсан эълон қилганди.

Муликов учун бу ҳайфсан 2009 йил майида вазир этиб тайинлангандан кейин 12-ҳайфсан бўлган. Унга эълон қилинган охирги учта ҳайфсан “охирги огоҳлантириш” билан чиқарилган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top