10:13 / 03.10.2019
0
5219

Қаттиқ маиший чиқинди полигонларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқномага кўра, қаттиқ маиший чиқинди полигонлари исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин. Ер участкаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш харажатларини камайтириш мақсадида аҳоли пунктлари гуруҳлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Полигон лойиҳа ҳужжатларига қуйидагилар киради:

атроф муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича давлат экологик экспертиза хулосаси ва экологик нормативлар;

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги геология ва гидрогеология хулосаси;

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги санитария-эпидемиологик хулосаси;

полигон қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатлари.

Полигонлар қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари асосида ажратилади.

Полигонлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади.

Ер ажратиш ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади.

Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа камида 500 метрни ташкил қилиши керак. Бунда санитария-муҳофаза зонасининг аниқ ўлчамлари газсимон ташламаларнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Полигонларнинг атроф муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини аниқлаш ва энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудларни муқобил вариант сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Полигонларни сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, сувли қатламларнинг емирилиш жойлари, шунингдек, фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Ҳар бир ер участкасининг атроф муҳитга потенциал таъсирини ўрганиш натижаларига кўра энг кам таъсир кўрсатадиган майдон танланади.

Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда танланган ер участкалари атроф муҳитга потенциал таъсири жиҳатидан полигон қурилиши учун яроқли ҳисобланади:

геологик шароитларига кўра, гил ёки қум тупроқли ер участкалари;

ер участкасининг геологик нуқтаи назардан барқарорлиги, яъни унда ёриқлар мавжуд эмаслиги;

ер участкаси остида сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

ер участкаси остида 30 метрдан ортиқ қалинликдаги гил ёки оғир қум тупроқли сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

ер участкасининг сув ҳавзалари ва тошқин сувлар босадиган ҳудудлардан камида 1000 метр узоқда жойлашганлиги;

ер ости сувларининг сатҳи ер юзасидан камида 10 метр пастда жойлашганлиги, ундан истеъмол қилиш ва суғориш учун фойдаланилмаслиги.

Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда атроф муҳитга потенциал таъсирини инобатга олиб, танланган ер участкасида полигон қурилишига йўл қўйилмайди:

сув ўтказувчи бир неча қатламлар, масалан, очиқ шағал конлари, ёриқлар мавжудлиги;

ер ости сувларига 10 метрдан камроқ сатҳда жойлашганлиги;

ер ости сувларидан истеъмол ва суғориш учун фойдаланилиши;

ер ости сувлари булоқлар кўринишида оқиб чиқадиган, 1000 метр радиусда сув ҳавзаси ёки сув тошадиган ҳудудлар мавжудлиги;

аэропортларга 15 километргача яқин жойлашганлиги.

Полигонлар қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари камида 15 йил фойдаланиш шарти билан танланади. Ушбу майдонлар тўғри тўртбурчак шаклига яқин ва қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштиришнинг максимал баландлигига эришиш мумкин бўлган ерлардан танлаб олинади.
                                                                                                                             Фойдаланиш муддати 15 йилга мўлжалланган полигон учун талаб этиладиган ер майдони ҳисоби жадвал бўйича аниқланади.

Полигонлар қурилиши учун танланган ер участкаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар амалга оширилади.

Геологик тадқиқотларни ўтказишда қатламланиш тартиби, полигонлар жойлашган ердаги жинслар таркиби ва қалинлиги, тупроқнинг фильтрация коэффициенти ўрганилади. Тадқиқот ишларининг минимал чуқурлиги 4 метр бўлиши лозим. Турли жинслардан иборат тупроқли шароитда сувга бардошли қатламгача тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда шу жойдан бошлаб 1 – 1,5 метр чуқурликкача тадқиқот ўтказиш зарур бўлади.

Гидрогеологик тадқиқотлар натижасида ер ости сувларининг сатҳи ва оқими аниқланади. Полигонларни ер усти (жала ва қор) сувлари оқимидан ҳимоя қиладиган баландлик зовурларини қуришда ёғингарчилик фаоллиги ва уларнинг майдонда тўпланиб қолишига оид маълумотлар йиғилади.

Геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар натижасида қудуқлар (шурфлар) жойлашиши режаси, геологик (литогеологик) кесимлар режаси, полигон қурилиши учун мўлжалланган ер участкасининг яроқлилиги хусусида гидрогеология хулосаси тузилади.

Шаҳар (туман) санитария-эпидемиология назорати маркази тайёрланган барча материалларни инобатга олган ҳолда, танланган ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусида ўз хулосасини беради.

Лойиҳалаштирилаётган ёки фаолият кўрсатаётган полигонлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг экологик нормативлари ишлаб чиқилади ва давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.

Лойиҳалаштирилаётган полигоннинг сиғимини аниқлашда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг киши бошига умумий йиллик тўпланадиган меъёри, хизмат кўрсатиладиган аҳоли сони, ташкилотларда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиллик тўпланиш меъёри, хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар сони, полигондан фойдаланиш муддати, жойлаштириладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг зичланиш даражаси ҳамда полигонларда ишлатиладиган техника ва механизмлар ҳисобга олинади.

Полигонлар қуйидаги асосий қисмлардан иборат бўлади:

кириш йўли;

қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони;

хўжалик ҳудуди;

санитария-муҳофаза зонаси.

Кириш йўли қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонини магистрал йўл билан боғлаш мақсадида барпо этилади. Кириш йўли икки томонлама ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлиши керак. Қияликларда қаттиқ маиший чиқиндилар ортилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсат бериладиган қиялик ўлчами юқорига 7 фоиз ва пастга 10 фоиздан ошмаслиги лозим.

Ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун полигонлар дренаж тизимига эга бўлиши лозим. Дренаж тизими орқали йиғилган сувлар ҳовузларда тўпланиб, қаттиқ маиший чиқиндиларни зичлашда фойдаланилади.

Иш харитаси жойлашувининг доимий ўзгариб туриши сабабли, қаттиқ маиший чиқиндиларни доимий йўл тизимидан иш харитасига етказадиган вақтинчалик йўллар қурилади. Вақтинчалик йўллар тупроқ қатламини зичлаш усули билан ётқизилиши мумкин. Намлик шароитидан келиб чиқиб, улар мустаҳкамлайдиган материаллар – шағал, тош, майдаланган бетон, қурилиш қоришмаси ёки ғишт билан қопланиши мумкин.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни 2 қават (қатлам) баландликда жойлаштирилишида хизмат кўрсатилишини таъминлаш учун вақтинчалик йўллар, мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига схема бўйича иш хариталаридан 2 м баландликда қурилиши лозим.

Қуйи қават (қатлам) – қаттиқ маиший чиқиндиларни қиялик бўйича 2 м баландликдан “тепадан пастга суриш” усули билан, юқори қават (қатлам) эса – қаттиқ маиший чиқиндиларни 2 м баландликка “пастдан тепага суриш” усули билан ҳосил қилинади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони – полигоннинг асосий қисми ҳисобланади. У қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишнинг йиллик ҳажмидан келиб чиқиб, полигон майдонининг 85 – 95 фоизини эгаллайди. Жойлаштириш майдони 3 – 5 йил мобайнида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишга мўлжалланган навбатларга бўлинади.

Фойдаланишнинг кейинги навбати тўлдирилган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмида полигоннинг схематик кесими бўйича лойиҳа белгисига қадар амалга оширилади. Жойлаштириш майдонини навбатларга бўлишда жой рельефи инобатга олинади.

Жарлик ёнбағрида жойлаштирилган қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонлари юқориликдан оқиб келиши мумкин бўлган ер усти сув оқимларидан ҳимояланган бўлиши лозим.

Хўжалик ҳудуди полигонларга қабул қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдоридан қатъи назар, 0,3 – 1,0 гектар майдонни эгаллайди. Ушбу ҳудудда полигоннинг маъмурий ва маиший бинолари, техникаларни сақлаш ва автотарози айвони, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий қийматликларни сақлаш омборлари, чиқиндиларни саралаш ускуналари, сув ва электр тармоқлари каби бошқа иншоотлари жойлаштирилади.

Санитария-муҳофаза зонаси полигоннинг атрофи бўйлаб, унинг атроф муҳитга ва яқин аҳоли пунктларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида ташкил қилинади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top