22:03 / 03.10.2019
0
4764

«Tashkent Book Fest» иккинчи куни. Янги тақдим этилган китоблар, қизиқарли учрашувлар 

«Tashkent Book Fest» 1-Тошкент китоб кўргазма-ярмаркаси иккинчи куни ҳам қизғин учрашувлар, китоб тақдимотлари билан эсда қоларли ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси қўмиталари, шунингдек, нашриётлар ҳамкорликда бир неча тақдимотлар ўтказди. 

«Ўзбекистон аёллари» китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриёти ходимаси Умида Аллаёрова китоб-альбомнинг тузиш аҳамияти ва бошқалар ҳақида маълумот берди: «Ушбу китоб-альбом Хотин-қизлар қўмитаси ва «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» ДИН ҳамкорлигида тайёрланди. Китоб мамлакатимизда яшаб ўтган, фидокорона меҳнатлари, давлат ишларидаги фаолликлари билан халқимиз орасида обрў-эътибор қозонган аёлларни ҳурмат билан тилга олиш, рағбатлантириш мақсадида чоп этилди». 

Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова китоб-альбомнинг кейинги жилдлари ҳам тез орада чоп этилишини таъкидлаб ўтди.

Китоб олти бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир бўлим маълум тизим бўйича таснифланган. Бўлимлар тарихга муҳрланган аёллар, давлат бошқарувидаги аёллар, Ўзбекистон қаҳрамон аёллари, олима аёллар, маданият ва санъат вакилалари, спортчи аёллар каби гуруҳлаш асосида тузилган. Унда юздан ортиқ аёлларнинг фаолияти, ютуқлари тавсифланган. 

Нашриёт ходимаси китоб-альбом тузилишига Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилик қилганини таъкидлади. 

Шунингдек, «Адабий дўстлик – абадий дўстлик» мавзусида Ёзувчилар уюшмаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда ижодий учрашув ҳам бўлиб ўтди. Унда қардош қозоқ халқининг атоқли фарзанди Абай ижодий мероси жамланган «Сайланма»си ва бошқа китоблар тақдимоти ўтказилди. 

Истеъдодли ёзувчи, шоир, адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдамнинг «Исён ва итоат», «Сабо ва Самандар» китоблари китобхонларга яна бир бор таништирилди. Муаллиф билан бўлиб ўтган учрашув қизғин савол-жавобларга уланиб кетди. 

Бундан ташқари, «Сано стандарт» нашриёти томонидан Саид Аҳмаднинг болажонлар учун «Ғилдирак» номли ҳали нашр этилмаган ҳикоялар тўплами ёш китобсеварларга таништирилди.

Шунингдек, Суюндиқ Мустафо Нуротоийнинг «Туронзамин азиз авлиё ва уламолари тазкираси» китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Муаллиф ушбу китобда тарихий манбалар, қўлёзмалар асосида ишончли далилларга таяниб сўз юритганини айтиб ўтди. Бу тазкиранинг иккинчи жузи ҳисобланиб унда Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида яшаб ўтган уламолар ва уларнинг қадамжолари тилга олинади. Тазкиранинг дастлабки қисми 2015 йилда нашр этилган эди.

 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top