10:53 / 05.10.2019
0
7295

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари «Кексалар ҳафталиги»да фаол иштирок этмоқда 

Фото: ИИВ Малака ошириш институти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь – Халқаро кексалар куни”ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш ҳам анъанага айланиб бормоқда.

Жумладан, якка ёлғиз қарияларнинг холидан хабар олиниб, уларнинг шарт–шароитлари билан танишишга, ижтимоий муаммоларини эшитиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Институт ходимларида қарияларимизнинг серқирра умр йўллари тўғрисидаги ҳаётий ҳикоялари катта таассуротлар уйғотмоқда. Зеро, кексалар қалби ўқилмаган китобдир.

– Қарилик қурсин, кўзим яхши кўрмай қолган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Ойдин кўл” маҳалласида яшовчи, 75 ёшли онахон Шайдохон Ўразимбетова. – Сизларни таниёлмай турибман. ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси Абдулла Бадалхўжаевнинг биз сизни кўргани келдик, деган сўзлари онахони тўлқинлантириб юборди, шекилли. Аввало минг километр йўл босиб, мени кўргани учун келганларингиз учун миннатдорман. Турли соҳаларда ишладим, бугун кексалик гаштини суряпман. Вақт ўз таъсирини кўрсатар экан. Бугун соғлигим яхши эмас, ўғлим 1976 йилда туғилган Ирза Абдуллачоров ҳам касалванд бўлиб қолди. Сизлар каби саховатли инсонлар бор экан, ҳолимиздан хабар олиб туришади. Катта раҳмат. Соғлиғимни тиклаш учун маҳаллий идоралар билан биргаликда даволанишим учун ёрдам бермоқчи эканлигингиз мени жуда хурсанд қилди. Машаққатли хизматларингизда омадлар тилайман.

– Уйда кампирим билан ўтирган эдик, келиним шошиб кириб, уйга меҳмонлар келишди, деб менга хабар берди. Кейин билсам, пойтахтимиздан ИИВ Малака ошириш институтининг бир гуруҳ ходимлари экан, “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклашди, суҳбатлашдик, кўзимга ёш келди, кайфиятим кўтарилди, – дейди Сурхондарё вилояти Термиз тумани “Кокилдор ота” маҳалласида яшовчи, 78 ёшли Қўзимурод ҳожи ота Шобиров. – 50 йил таълим соҳасида меҳнат қилдим, ёшларга туманимиздаги 9-сонли умумтаълим мактабида “Физика” фанидан сабоқ бердим. Бундан ташқари, ўғил болаларга спортнинг кураш туридан мураббийлик қилганман. Шогирдларим ичида бир нечтаси Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақаларда совриндор бўлган, яъни шогирдим Самижон Убайдуллаев миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, яна бир шогирдим Беҳруз Омондавлатов яқинда Россия Федерациясида спортнинг дзюдо тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида совриндор бўлганлиги билан фахрланаман. Оллоҳга шукр, турмуш ўртоғим билан 3 нафар ўғил, 2 нафар қизни вояга етказиб, ўқитиб, оилали, уй-жойли қилиб, халққа нафи тегадиган инсон қилдик, бундан ортиқ бахт борми, бугун энди қарилик гаштини суриб ўтирибмиз. Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман, халқнинг тинчлик-осойишталигини таъминлашда қилаётган ишларингизда омадлар тилаб, сизларни дуо қилиб қоламан.

– Турмуш ўртоғим билан 5 нафар қиз, 2 нафар ўғилни вояга етказдик, дейди Ангор тумани Улуғбек номли маҳаллада яшовчи, 83 ёшли Роҳия момо Хайитова. – 40 йил жамоа хўжалигида пахта даласида меҳнат қилдим. Турмуш ўртоғим 20 йил аввал қазо қилган, катта ўғлим 5 йил бурун касаллик туфайли вафот этган. Яқинда 4 ой олдин кичик ўғлим ҳам йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди, 5 та қиздан 3 таси турмушидан ажраб келиб, менинг қарамоғимда, 14 нафар неварам бор. Оиламиз қийналганида, мусибат тушганида қўни-қўшниларим, қишлоқдошларимга раҳмат, улар қараб туришмади, қўлларидан келгунича ҳозирги кунга қадар ҳам ёрдам беришмоқда. Мен сизларни кўриб, қувониб кетдим, пойтахтдан уйимга келиб, мендан ҳол-аҳвол сўраганлигингиз учун сизларга, сизлар орқали Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ўзимнинг раҳматларимни айтиб, юрт тинчлиги йўлидан қилаётган меҳнатларингизда зафарлар тилайман.

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Темирйўл” гузарида яшовчи, 1952 йилда туғилган Бозорбой Ўразимбетов билан ўтказилган суҳбат жараёнида унинг 1979 йилда туғилган ўғли Жалғасбай Ўразимбетов 1-гуруҳ ногирони эканлиги, унинг кўзи кўрмаслиги, оиласи ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги маълум бўлди. Уйининг томини ёпишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради. Туман ҳокимлиги томонидан Б.Ўразимбетовнинг уй томини таъмирлаб бериш бўйича чора-тадбир белгиланди.

– Турмуш ўртоғимдан ажраб қолганига анча йил бўлди, 2 нафар қизим, 1 нафар ўғлим бор, ҳозир ўғлим, келиним, 3 нафар неварам билан бирга умргузаронлик қилмоқдаман, – дейди Жарқўрғон тумани “Улуғбек” маҳалласида яшовчи, 72 ёшли Улахон момо Сафарова. – Кўзим кўрмай қолганига бир неча йил бўлди, келинимга раҳмат, менинг иссиқ-совуғимдан хабар олади, мен 40 йилдан ортиқ жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишладим. Сизларга ўз миннатдорлигимни билдираман, юрт тинчлигини сақлашда кеча-ю кундуз меҳнат қиляпсизлар. Сизларга соғлиқ-саломатлик, ишларингизда ривож тилайман, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. 

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани Т.Сойимбетов кўчасида яшовчи Айтбой Жоломбатов, Тахтакўпир тумани “Ойдин кўл” маҳалласида яшовчи Гулпарчин Бойзакова, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Янги шаҳар” маҳалласида истиқомат қилувчи Бахтиёр Мирзаев каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳам ҳолидан хабар олинди. 

Шу билан бирга, Институт жамоасининг ушбу ҳудудлардаги “Саховат” уйларидаги кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олинганлиги уларга бир олам қувонч бағишлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top