27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 816-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь - Халқаро кексалар куни”ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.
Шунингдек, ҳужжат билан ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, барча маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилган эди.
Вазирлар маҳкамасининг юқоридаги қарорида ушбу “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари тўғрисидаги намунавий низомнинг тасдиқланиши кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларииннг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг юртимизда кечаётган жадал ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилади.
“Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг энг фаол аъзолари мунтазам равишда “Меҳнат фахрийси”, “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларига тавсия этилиши эса хайрли амалларга куч ва қанот бағишлайди.
Ҳафталик доирасида Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Тошкент давлат юридик университети масъуллигида “Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами”нинг нашрга тайёрланиб, чоп этилиши соҳага халқаро илғор тажрибаларнинг жорий этилиши ва кекса авлод вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларининг муносиб ҳимояланишига замин яратади.
Ҳафталик доирасида кексалар ҳамда фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этилади. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож қатлам учун тор мутахассислар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда “Тиббиёт автобуси” ташкил этилиб, улар кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.







