15:43 / 09.10.2019
0
7981

«Урунғоч» кўли ва унга туташ ҳудудлар давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинмоқда

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг айрим табиий ҳудудлари ва объектларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон экологик партиясининг “Урунғоч” кўли ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган майдони 43 га бўлган "Урунғоч” табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни белгиланган тартибда давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилади.

Белгиланишича, “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлиги Бурчмулло давлат ўрмон хўжалигининг бир қисми ҳисобланади ва ушбу хўжалик томонидан ерлари олиб қўйилмасдан ва объектга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай фаолиятни тақиқлаган ҳолда бошқарилади.

Қуйидагилар “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

“Урунғоч” табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни ўзгартиришсиз сақлаш;

тоғ экотизими ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ва такрор кўпайтириш;

экологик туризмни ташкил этиш;

илмий ва экологик-маърифий ишларни амалга ошириш;

аҳолининг экологик таълим ва тарбиясига кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажариш учун масъул орган этиб тайинланди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси икки ой муддатда:

Бурчмулло давлат ўрмон хўжалигининг штат бирликлари доирасида “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлигини қўриқлаш учун тегишли малака ва маълумотга эга бўлган мутахассислар бириктирилишини назарда тутади;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида сўқмоқ йўллар мажбурий тартибда тўсиқлар билан жиҳозланишини, ўриндиқлар, чиқинди ташлаш қутилари, ҳожатхоналар (биотуалетлар) ўрнатилишини, шунингдек, сув ҳавзасига бориш, “Урунғоч” кўли атрофи ва унга туташ ҳудудларда барча турдаги савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этишни тақиқловчи чекловчи ва маълумотлар белгилари ўрнатилишини таъминлаб туристик йўналишларни белгилаш;

“Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида йўл қўйилиши мумкин бўлган рекреацион юклама меъёрларини (муайян вақт давомида ташриф буюрувчиларнинг рухсат этилган сони) ишлаб чиқади;

Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда давлат экологик назоратини амалга ошириш мақсадида Угом- Чотқол давлат миллий табиат боғининг Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида экологик пост ўрнатилиши жойини аниқлайди ва уни жойлаштириш учун белгиланган тартибда ер участкасини бириктиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Ўзбекистон экологик партияси билан биргаликда 2020 йил 1 мартгача давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқиш ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни давлат кадастрига киритиш учун табиий объектлар ва комплексларни, шу жумладан, ёши 100 ва ундан ошган дарахтларни хатловдан ўтказадилар.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top