09:34 / 11.10.2019
0
6489

4та шаҳарда сув таъминоти ва канализация бўйича ДХШ лойиҳасининг илк босқичи бошланмоқда

Жорий йилнинг 8 октябрь куни ОТБнинг маслаҳат миссияси ҳамда «FCG International Ltd.» халқаро экспертлар консорциуми, «Grant Tornton»нинг техник ва молиявий маслаҳатчилари, шунингдек «Allen & Overy» ва «Kosta Legal»нинг юридик маслаҳатчилари Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация соҳасида ДХШ лойиҳасининг техник-иқтисодий тадқиқотларини тайёрлаш бўйича биринчи босқич ишларни бошлади. 

Молия вазирлиги хабарига кўра, мазкур босқич 2020 йилнинг биринчи чорагида якунланади.

Ушбу шаҳарларда сув таъминоти ва сув чиқариш лойиҳаларини тайёрлаш ва тузишда Осиё тараққиёт банки ҳукуматга маслаҳатчи этиб тайинланган. ОТБ 2020 йилда Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга кўмаклашади.

Мазкур лойиҳада маслаҳат хизматларини кўрсатиши учун 2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ҳамда ДХШ агентлиги томонидан Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти инфратузилмасини тиклаш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни назарда тутувчи «Ўзбекистон шаҳар сув-оқава тизимини яхшилаш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича» меморандум имзоланган.

Маслаҳат хизматлари: ДХШ асосидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва харидларни тайёрлашни ўз ичига олади. ОТБ ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2.6 млн АҚШ доллари грант ажратди.

Миссия доимий равишда Ўзбекистонда иш олиб боради. Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, ҳокимликлар, ДХШ агентлиги билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича 6-8 ой учун мўлжалланган тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

Давлат раҳбарининг «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимини бошқаришни ДХШ лойиҳаси асосида амалга ошириш назарда тутилган.

Мазкур лойиҳани амалга оширишга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Самарқанд, Бухоро, Наманган, Қарши шаҳарлари хокимлиги, ДХШ агентлиги масъул қилиб белгиланган. 2020 йилда мазкур лойиҳа бўйича Давлат-хусусий шериклиги битимини имзолаш ва уни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top