17:40 / 14.10.2019
7
105060

«AVTO 60 OY» МЧЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Унинг фаолиятида молиявий пирамида мавжудлиги гумон қилинмоқда

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатди.

«UzAuto Motors» компаниясининг Ички ишлар вазирлигига йўллаган мурожаати юзасидан вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатилган», дейилади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Kun.uz’га берилган маълумотда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида, молия-хўжалик фаолияти ҳужжатли тафтишни ўтказиш йўли билан текширилади.

Айни вақтда «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг бош офиси ва вилоятлардаги филиалларида мавжуд бухгалтерия ҳужжатларини аниқлаб олиш мақсадида тергов гуруҳлари томонидан тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектининг назорат кирим-чиқим операциялари назоратга олинади, лекин фаолияти тўхтатиб қўйилмайди.

Тафтиш якунига кўра, мазкур жамият мансабдор шахслари ва бошқаларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top