19:22 / 27.10.2019
0
5146

Тошкентда қарийб 2 минг қария тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга 1,22 млрд сўмлик дорилар берилди

2019 йилнинг 1-8 октябрь кунлари “Кексалар ҳафталиги” доирасида 1874 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар, шу жумладан, ҳаракат қилиши чекланган ва ётоқ ҳолдаги кекса беморлар невролог, оториноларинголог, уролог, офтальмолог, эндокринолог, кардиолог, терапевт  ва бошқалар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Қарияларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 1,22 млрд сўмлик 15 турдаги зарурий дорилар бепул тақдим этилди.

“Кексалар ҳафталиги”тадбирлари якунланган бўлса-да, кексалар ва нуронийларга эътибор кўрсатиш, уларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ҳамда ҳал этиш ишлари давом этмоқда. Чилонзор тумани “Катта Қозиробод” маҳалласида ана шундай тадбирлардан бири ташкиллаштирилди. Унда асосий эътибор кексалар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларга манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилди.

Тадбир давомида 361 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 137 нафарига аниқланган хасталиклар бўйича 15 турдаги зарурий дори-дармон ва гигиеник воситалар тақдим этилди. Ҳаракатланиш имконияти чекланган кексалар уйларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, доимий шифокор назоратига муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилди ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун стационар даволаниш бўйича туман тиббиёт бирлашмасига тавсия этилди.

Тадбир мобайнида мутахассислар томонидан кексалар орасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни тарғиб қилинди. Йод танқислиги ва бошқа касалликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари Ботир Парпиев, Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top