14:40 / 30.10.2019
0
9066

Пенсия жамғармаси: Архив ходимлари нотўғри маълумотлар тақдим этган ҳолатлар аниқланди

Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар ҳаққонийлигини ўрганиш жараёнида «Ўзархив» агентлигининг айрим қуйи бўғинлари томонидан бир қатор нотўғри ва асоссиз маълумотлар тақдим этилаётгани ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтишилича, Олмазор туман бўлимида ўтказилган ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳар Давлат архиви томонидан буйруқ ва ойлик иш ҳақи китобларида маълумотлар мавжуд бўлмасада, фуқаро С.А.нинг 1991-2002 йилларда ишлагани тўғрисида 2018 йил 26 августдаги сохта маълумотнома берилгани аниқланган.

Тошкент шаҳар Давлат архиви томонидан 2018 йил 8 августда фуқаро Д.Р. номига берилган, 2018 йил 24 сентябрда фуқаро Я.О. номига берилган ва бошқа маълумотномаларда фуқароларнинг иш стажи ҳамда иш ҳақлари тўғрисида сохта маълумотлар кўрсатилгани маълум бўлиб, бунинг натижасида 8 ҳолатда жамғарманинг 43,6 млн. сўм маблағи ортиқча сарфлангани ҳам келтирилган.

Шунингдек, жамғарма Шайхонтоҳур туман бўлимида ўтказилган ўрганишларда, 2017-2018 йиллар мобайнида фуқароларнинг пенсия тайинлаш учун тақдим қилган (иш ҳақи ва иш стажлари тўғрисидаги) пенсия ҳужжатлари қонунийлиги ва асослилиги жойига чиқиб ўрганилганда, айрим архив идоралари сохта ва ёлғон маълумотлар тақдим этиб келгани натижасида жами 7 ҳолатда 40,5 млн. сўм миқдоридаги жамғарма маблағлари ортиқча тўланишига йўл қўйилгани аниқлаган. 

Фуқаро М.Р.га 2018 йил 26 декабрдаги аризасига асосан 2019 йилнинг январь ойида ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, унинг Тошкент шаҳар Давлат архивидан берилган

1997-2004 йилларда «Трест Ташстроймеханизация» ташкилотида ишлагани тўғрисида иш ҳақи маълумотномаси архивдаги бирламчи ҳужжатларидан солиштириб ўрганилганда, ташкилотга тегишли буйруқлар ва ойлик маош китобларида ушбу фуқаронинг исми-шарифи умуман қайд қилинмагани маълум бўлган. Натижада пенсияга ҳуқуқи бўлмаган фуқарога жами 7,2 млн. сўм миқдоридаги жамғарма маблағлари ортиқча тўлангани аниқлангани мисол қилиб кўрсатилган.

Бундан ташқари, фуқаро К.С.га 1982-2004 йилларда «Ташкентский текстильный комбинат»да ишлагани ҳақида Тошкент шаҳар Давлат архивидан берилган маълумотлар асосида 23,8 млн. сўм миқдорида Жамғарма маблағлари нотўғри тўлаб келингани аниқлангани келтириб ўтилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top