Ўзбекистон | 19:06 / 27.10.2022
4054
2 дақиқада ўқилади

Архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ишлари бўйича маълумот берилди

«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг айтишича, яқин-яқингача 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар ҳам ёпиқ бўлган. Бугунга келиб уларни очиқлаш бошланган. Расмийлар махфий ҳужжатларни очиқлаш ва рақамлаштириш бўйича ишларнинг тўртинчи босқичи якунланаётганини айтмоқда.

«Шу кунга қадар нафақат яқин тарихга, балки 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар ҳам ёпиқ эди. Уларни махфийликдан чиқариш бўйича ишларни бошлаганмиз. Фақат бу жараён кўп вақт талаб этади. Босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳозирда 3 та босқичда ҳужжатларни рақамлаштириб, уларни махфийликдан чиқардик. Ўтган йили ҳам баъзи ҳужжатлар махфийликдан чиқарилиб, очиқ фондга ўтказилган», деди агентлик раҳбари.

Таниқли адиб Набижон Боқийнинг «Ўзархив»даги махфий ҳужжатларни очиқлашда Сардор Умрзоқовдан ёрдам сўраб ёзган хати интернетда тарқалганди. «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов ижтимоий тармоқлардаги чиқишидан сўнг ёзувчи билан кўришиб, ҳамкорлик бўйича бир неча таклифни ўртага ташлаганини айтиб ўтди. Мутасадди сўзларига кўра, ёзувчи таклифлардан бирини қабул қилган.

Тадбирда архивларда ҳужжатлар билан ишлаш, улардан фойдаланиш бепул экани, хоҳ тадқиқотчи бўладими, хоҳ талаба – хоҳлаган фуқаро илмий архивдаги ўқув залларига келиб бепул фойдаланишлари мумкинлиги айтилди.

Қайд этилишича, ҳозирга келиб ҳужжатларни махфийликдан чиқариш бўйича тўртинчи босқичда ишлар бошланган. Матбуот анжуманида бир ой муддатда бу ишлар ҳам тугалланиши таъкидланди.

Мавзуга оид