10:20 / 30.10.2019
0
21620

Самарқанддаги «домлар» орасида қурилаётган «дом» можароси: қурилиш яна вақтинча тўхтатилди

Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли кўчаси 72-уйда яшовчи фуқароларнинг айримлари «дом» олдидаги майдонда янги кўп қаватли уй қурилаётганидан норозилигини билдиришди.

Вазиятни ўрганиш учун борганимизда қурувчилар томонидан котлован қазиш ишлари бошлаб юборилган экан.

Аҳоли вакиллари айнан нима учун норозилигини билиш учун уларга микрофон тутдик. Улар бу жанжал 5 йилдан буён давом этаётгани, қурувчилар томонидан қурилиш ишлари мудом ноқонуний амалга оширилаётгани, болалар майдончаси ўрнидан уй қуриш мумкин эмаслиги, бу микрорайон ўз вақтида барча нарса ҳисобга олиниб барпо этилганини айтишди.

Қурилиш ишларини олиб бораётган «Нурли келажак ишонч сервис» МЧЖ вакили Бахтиёр Аҳмедов ва иш бошқарувчиси Шавкат Асламовдан ҳам вазият бўйича изоҳ олдик.

Бахтиёр Аҳмедовнинг маълум қилишича, мазкур 10 сотихча ер қурилиш ишларини олиб бораётган шахсларга бир пайтлар 110 квадрат метр майдонга эга дўконлари бузилгани эвазига товон тариқасида берилган. Бу шаҳар ҳокими қарорида ҳам ўз аксини топган.

Шавкат Асламов эса қўшни «дом»лардаги аҳолининг аксарияти қурилишдан розилиги, МЧЖ томонидан маҳалла ҳудуди асфальтланиб, ободонлаштириб берилишини айтиб ўтди.

Аҳоли вакиллари қурилиш ишлари собиқ шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов томонидан икки бор тўхтатилгани, аввалги ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори бекор қилинганини ҳам айтиб беришди.

Бироқ, қурилиш ишларини олиб бораётган «Нурли келажак ишонч сервис» корхонаси масъули Бахтиёр Аҳмедов суд орқали 2015 йилда қурилиш бошлашга русхат берилган шаҳарнинг аввалги ҳокими Акбар Шукуров томонидан имзоланган қарор тикланганини айтиб ўтди.

Энди бу ерда қизиқ ҳолат бор. Ўша қарор бўйича дастлабки лойиҳа-қурилиш ҳужжатлари бажарилган. Лойиҳага кўра 62-, 64-, 66- ва 68-домларга яна биттадан подъезд қуришга рухсат берилган. Барча ҳисоб-китоблар ва чизмалар шу лойиҳа бўйича қилинган.

Бироқ бугунга келиб, аҳоли норозиликларидан сўнг лойиҳа ўзгартирилган. Энди аввалдан мавжуд «дом»ларга тақаб эмас, 3 подъездли иккита дом алоҳида қурилади ва улардан бири ҳозирги болалар майдончаси ўрнида қад ростлайди. Бу қурувчиларнинг қўлидаги бош режа бўйича ва қазилаётган котлован ана шу янги қуриладиган домларнинг биринчисиники.

Эски лойиҳа бўйича барча ҳужжатлар қилинган. Бироқ қурувчилар аҳоли норозилигидан сўнг янги режа бўйича қилинган лойиҳани кўрсата олишмади. Яъни, қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича Нуробод туман маъмурий суди томонидан қайта тикланган қарор бор, лекин лойиҳа-қурилиш ҳужжатлари ва тегишли органлардан рухсат йўқ.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати, шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими мутахассислари билан мазкур масалага ойдинлик киритдик. Мутасаддилар лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, керакли ташкилотлардан бошқатдан рухсат олингунга қадар қурилиш ишларини зудлик билан тўхтатиш зарурлигини тушунтиришди.

Энди қурувчилар тегишли рухсат берувчи органлардан янги лойиҳа-қурилиш ҳужжатларини тасдиқлата олсагина қурилиш ишларини бемалол давом эттираверишлари мумкин.

Лекин нега бир пайтлар бузилган 110 квадрат метр дўкон учун қарийб 10 сотих ер майдони берилгани, бу адолат тамойилларига нечоғлик мослиги, нега берилган майдонга дўкон эмас кўп қаватли «дом» қурилаётгани, нега вилоят ҳокими «шаҳар ичида «точечний застройка»ларга барҳам бердик», деб турганда яна бу ишлар «енг ичида» яна давом эттирилаётгани хусусидаги саволларга бериладиган жавоблар чиндан ҳам қизиқ.

Kun.uz Самарқанд шаҳрида рўй бераётган мазкур вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этади ва вилоятдаги мутасадди ташкилотлардан тушунтириш сўрайди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ,
Фахриддин ҲОТАМОВ, Kun.uz мухбирлари

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top