Самарқанд шаҳрида Damas машинаси ичида оёқлари занжирбанд қилинган, юз-кўзлари моматалоқ бўлган ўсмирнинг видеоси тарқалди. Дастлабки маълумотларга кўра, асли Пахтачи туманидан бўлган болани тумандаги Соҳибқирон Темур издоши ҳарбий спорт мактаби ўқитувчиси шу аҳволга солган. “Бу биринчи марта занжирланишим эмас”, демоқда ўсмир. Kun.uz ҳолатни ўрганди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўсмир ва унинг яқинлари, шунингдек, гумондор ўқитувчи билан суҳбатлашдик.

Бу биринчиси эмас”

Ўсмир айни вақтда вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Шоҳжаҳон Шоймардонов биз билан мулоқотда дарсдан сўнг кўпинча ҳарбий мактаб ўқитувчиси Шаҳриддин Ҳайдаровнинг уйида тунаб қолишини айтди. Ундан ташқари, ҳарбий мактабнинг яна ўндан ортиқ ўқувчилари ҳам Ҳайдаровнинг уйида қоларкан.

“Баъзида устозимнинг ўзи, баъзан мактаб ўқувчиларига айтиб мени калтаклатади. Тирноқларимни қўпориб олган, шу пайтгача кўкармайдиган аъзоларимга урарди. Бу сафар кўкартириб калтаклади. Бу биринчи марта занжирланишим эмас, мактабда ҳам кўп марта боғлаб қўйган”, – деди Шоҳжаҳон.

Шоҳжаҳон Пахтачи туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси. Синф раҳбари Марҳабо Зайниддинованинг айтишича, боланинг хулқи, синфдошлари билан муносабати яхши бўлган. Бироқ у мунтазам дарс қолдириб келган. Шу сабабли мактаб маъмурияти томонидан боланинг васийси – аммаси ҳам огоҳлантирилган.

Скутердан йиқилиб жароҳатланган”

Биз телефон орқали Соҳибқирон Темур издоши ҳарбий спорт мактаби катта ўқитувчиси, болани калтаклаб, занжирбанд қилганликда гумонланаётган Шаҳриддин Ҳайдаров билан телефон орқали боғландик.