14:30 / 31.10.2019
0
3144

Сенатор: «Муаммо ечимига қаратилган илмий ишлар учун имтиёзлар жорий қилиниши керак»

Ўзбекистонда қилинаётган илмий ишларнинг аксарияти амалиётга жорий қилинмайди. Қилинаётган илмий ишлар турли соҳалардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилмаган, деб ҳисоблайди сенатор Зайниддин Низомхўжаев.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитасининг 30 октябрь кунги йиғилишида қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев илмий ишларнинг амалиёт билан боғланмай қолаётганини қайд этиб ўтди.

«Диссертациялар мавзусини белгилашда республикадаги қайси соҳаларда оқсоқликлар, муаммолар бўлса, шулардан келиб чиқиш керак. Масалан, янги технологик жиҳозларни яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида муаммолар талайгина. Илмий ишлар мақсадли бўлиши керак. Диссертациялар амалиётдаги реал муаммоларга ечим топиши учун уларга давлат буюртмасини шакллантириш, турли кўринишдаги имтиёзларни жорий қилиш лозим.

Долзарб мавзули илмий ишлар учун грант ажратиш масаласини ҳам кўриб чиқиш лозим. Шунда илмий ишни қилишга ҳам, уни амалиётга жорий қилишга ҳам рағбат ортади», ─ дейди Сенат қўмитаси раиси.

Мажлисда жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида олий таълим соҳасида қилинган ва бажарилмай қолган ишлар юзасидан муҳокама бўлиб ўтди. Унда айтилишича, олий таълим муассасаларида илмий ишларни тижоратлаштириш билан шуғулланувчи бўлимлар ташкил этилган, лекин улар ҳали талаб даражасида ишлай олаётгани йўқ.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг айтишича, Ўзбекистонда университетларнинг ҳам, илмий изланувчиларнинг ҳам илмий ишдан манфаатдорлиги жуда паст.

«Чет элда ОТМ профессор-ўқитувчилари томонидан қилинадиган илмий ишларни тижорийлаштириш шу ОТМни молиялаштиришнинг асосий манбаларидан ҳисобланади. Аммо бизда ҳали илмий ишлар университет учун арзирли молиявий манба бўла олгани йўқ.

Илмий ишларни тижорийлаштириш бўлимлари энди ташкил этилди, мутахассис ўз илмий ишининг натижасини бўлимга тақдим этса, улар тижорийлаштириш манбасини излаб топади. Лекин ҳали бу натижани қаерга сотамиз, деган саволга аниқ ечим йўқ.

Ишлаб чиқаришдаги амалий жараёнлар билан доимий алоқа ушлаб турилмагани боис илмий ишнинг аҳамияти юқори эмас. Университетнинг ҳам, илмий изланувчининг ҳам илмий ишдан манфаатдорлиги жуда паст», ─ дейди Мажидов.

Вазирнинг ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика бўйича 710та илмий иш ёқланган бўлиб, шулардан 133таси фан докторлиги, 577таси фалсафа докторлиги ҳисобланади. Университет профессор-ўқитувчиларининг илмий даражага эгалиги 36,7 фоизни (9737 нафар) ташкил этган.

Мажидовга кўра, педагогларнинг илмий салоҳиятини ошириш, илмий ишларнинг ўз вақтида қилинишини таъминлаш мақсадида 43та ОТМда докторантлар мактаби ташкил этилган. Илмий иш билан шуғулланиш давомида турли имтиёзлар ажратиш, меҳнат юкламасини камайтириш билан бирга, илмий иш ёқлангандан кейин бир ой давомида моддий рағбатлантириш бериш тизими ҳам йўлга қўйилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top