«Бугун - 24 октябрь соат 08.00 да Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови бошланди. Сайлов 2021 йил 8 февралда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан илк бор октябрь ойида ўтказилмоқда.

Эрталаб соат 8:00да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 761 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради ва сайловчилар овоз беришга киришди.

Жорий йилнинг 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан 421 минг 618 нафар сайловчи фойдаланди.

Барча сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилган.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 37 та хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 54 та сайлов участкалари, хусусан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари иш бошлади.

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан барча сайлов округлари ва сайлов участкалари ўртасида мунтазам алоқа йўлга қўйилган.

Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд, Ҳиндистон ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

Жорий йилдаги сайловда мамлакатимизда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан 2021 йил 23 июлдан 23 октябрга қадар, яъни сайлов кампанияси даврида амалга оширилган ташвиқот ва тарғибот ишлари бўйича мониторинг олиб борди. Мониторинг натижаларига кўра, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмади», деди у.

Зайниддин Низомхўжаев сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлса, суд, прокуратура органлари ёки маҳаллий сайлов комиссияларига мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилган.

«Республикамиздаги мавжуд сайлов участкаларининг барчаси телефон алоқаси билан тўлиқ таъминланган. Шундан 96,7 фоизи оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Қолган 3,3 фоизи мобиль ва радио алоқа тармоғи ҳамда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.