20:50 / 03.11.2019
0
12471

«Ростов» дербининг сўнгги дақиқаларида иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди

Россия чемпионатида 15-тур марказий ўйини Краснодарда, «Краснодар» ва «Ростов» ўртасида кечди. Жанубий Россия дербиси 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Ўйиннинг биринчи бўлимида Алексей Ионовнинг дубли эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган ростовликлар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан бой беришди.

Ўйиннинг 34-дақиқасида ҳисоб очилди. Қарши ҳужум вақтида Ивелин Попов тўпни эгаллаб олди ва уни ўнг қанотдаги Хорен Байрамянга ташлаб берди. У тўпни Элдор Шомуродовга узатди. Ўзбекистонлик ҳужумчи чап қанотга қараб кетаётгандек ҳаракат қилиб, тўпни кутилмаганда бир ҳаракат билан орқароқда келаётган Алексей Ионовга ташлаб берди. Ионов эса олис бурчакни аниқ нишонга олди — 0:1.

41-дақиқада Ионов ўйиндаги иккинчи голини урди. Жарима майдончасига узатилган тўпни қайтаришда ҳимоячилар хатога йўл қўйишди ва тўп Ионовга келиб тушди — 0:2.

Иккинчи бўлим аввалида «Краснодар» ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Ростовликлар жарима майдончасида юзага келган палапартишликдан сўнг тўп Муҳаммад-Шапи Сулеймановга келиб тушди, аммо у бўш дарвозага ўткир бурчакдан туриб гол ура олмади. 60-дақиқада Ари гол урди, аммо ҳакам «Краснодар» ҳужумчисининг голини ҳисобга олмади. Чунки қанотда амалга оширилган узатма вақтида тўп ҳавода майдонни тарк этиб бўлганди.

Ўйин якунида эса мезбонлар камбэк амалга оширишди. 90+3-дақиқада Игнатьев ҳисобни қисқартирувчи голни урди, бир дақиқа ўтиб Урош Спайич яна гол урди ва «Краснодар»ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Қайд этиш керакки, «Краснодар» РПЛ ўйинларида 6 октябрдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Сергей Матвеев жамоаси охирги марта 12-тур доирасида «Спартак»ни мағлуб этганди (2:1), кейин эса «Оренбург» (1:1) ва «Динамо» (1:1) жамоалари билан ўйинларда дуранг натижалар қайд этилди.

Валерий Карпин шогирдлари эса «Краснодар»га қарши ғалабасиз ўйинлари сериясини давом эттирди - жамоа сўнгги 11 ўйинда 7 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган. Жамоаларнинг ўтган мавсумдаги икки учрашувида ҳам 2:2 ҳисоби қайд этилган.

Ростовликлар 15 турдан кейин 30 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда (биринчи ўринда 33 очко билан «Зенит» жойлашган).

РПЛ. 15-тур
КРАСНОДАР — РОСТОВ 2:2
«Краснодар» стадиони, 34 265 томошабин.
Голлар
: Иван Игнатев (90+3), Урош Спайия (90+4) — Алексей Ионов (34, 41).
«Краснодар»: Матвей Сафонов, Сергей Петров, Александр Мартинович, Кристиан Рамирес, Урош Спайич, Мануэль Фернандеш (Юнес Намли, 72), Кристофер Олссон (Даниил Уткин, 46), Тонни Вильена, Ари, Муҳаммад-Шапи Сулейманов, Маркус Берг (Иван Игнатев, 75).
«Ростов»: Егор Бабурин, Деннис Хаджикадунич, Данил Глебов (Рагнар Сигурдссон, 86), Евгений Чернов, Алексей Козлов, Дмитрий Чистяков, Хорей Байрамян (Саплинов, 79), Роман Ерёменко, Ивелин Попов (Бахтиёр Зайнуддинов, 68), Алексей Ионов, Элдор Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Попов (53), Еременко (57), Чистяков (63), Зайнутдинов (77).

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top