21:30 / 06.11.2019
5
136419

Самарқандда туркиялик ва ўзбекистонлик ишчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди

Ижтимоий тармоқда Самарқанд шаҳридаги қурилиш ҳудудида туркиялик ва маҳаллий ишчилар ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққани тасвирланган видео тарқалди.

Видеода ушбу ҳодиса Қорасув массивида бўлиб ўтганини кўриш мумкин. Халқ тилида Мотрид деб аталадиган бу ҳудудда айни вақтда кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Қурилиш ишларида эса туркиялик қурувчи ва муҳандислар ҳам бевосита қатнашмоқда.

Видео муаллифи ўзбекистонлик қурувчилар туркиялик усталарни уйга қамаб ураётгани, кейинчалик муштлашув иккинчи қаватда давом этгани ҳақида гапирган.

Самарқанд вилоят прокуратураси ушбу воқеа юзасидан расмий маълумот берди.

«2019 йил 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Қорасув массиви «Обод Маскан» маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари қурилиш майдони ҳовлисида ўзаро келиб чиққан келишмовчилик сабаб жанжаллашган.

Оқибатда Туркиянинг 3 нафар ва Ўзбекистоннинг 1 нафар фуқароси тан жароҳати олган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,— дейилади маълумотда.

Ижтимоий тармоқда бу воқеадан сўнг Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Самарқандга келгани ҳақида хабар ҳам тарқалди. Аммо Туркия элчихонаси бу маълумотни тасдиқламади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, туркиялик қурувчилар томонидан қурилаётган уйларда ишлаётган маҳаллий қурувчилардан 5 нафари ис газидан заҳарланиб оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ушбу жанжалга сабаб бўлган.

Аввалроқ Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 23:30да Самарқанд шаҳар Қорасув массиви «Обод маскан» маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлаётган 5 нафар уста ётоқхона сифатида фойдаланилаётган хонани иситиш мақсадида темир идишда ўтин чўғини хонага олиб кириб ухлагани натижасида, улар ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Самарқанд вилояти ИИБ ҳам 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Қорасув массиви, «Обод Маскан» маҳалласи ҳудудида «Агромир Билдинг» корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққани юзасидан маълумот берди..

«Мазкур ҳолат оқибатида тўрт нафар фуқаро РШТЁИМ Самарқанд филиалига турли даражадаги тан жароҳатлари билан мурожаат қилишган.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси, 2-қисми, «б» банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) жиноят иши қўзғатилиб, терговолди ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Фуқароларимиздан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўраймиз, — дейилади ИИВ Ахборот хизмати маълумотида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top