15:29 / 06.11.2019
0
21673

Тошкентдаги замонавий Давлат хизматлари марказларининг биринчиси Чилонзорда очилди (фотогалерея)

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги қиёфадаги Давлат хизматлари маркази очилди. Ушбу марказ пойтахтда фойдаланишга топширилаётган замонавий ДХМ биноларидан биринчиси бўлиб, Тошкентда яна 8та марказ қурилиши давом этмоқда.

Давлат хизматлари агентлигидан маълум қилишларича, бино қурилишида унинг бугунги кун жаҳон талабларига мос келиши, кенглиги, хизмат олувчиларга барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Агентлик давлат хизматларидан фойдаланувчилар учун қулай сервисни ташкил этилиши ва ҳар мижоз марказдан мамнун бўлиб чиқиб кетишига алоҳида эътибор қаратади.

Бу ерда фуқароларга 100дан ортиқ хизмат турлари таклиф этилади. Бинода электрон навбат, инфокиоск, кутиш ва тиббий хизмат кўрсатиш жойлари, болалар майдончаси, кафе, кутубхона, шунингдек электрон хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга хизмат олувчилар (ўзига ўзи хизмат кўрсатиши) учун алоҳида майдонлар мавжуд.

Марказда электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа ташкил этилиб, илк бор синов тариқасида ишга туширилмоқда. Унинг ёрдамида хизмат олувчилар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаши мумкин бўлади. Бу эса Агентлик ва фуқаролар ўртасида ўзаро алоқани ўрнатишга замин яратади. Фуқаролар эса хизмат кўрсатиш сифатини ошириш жараёнига ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар. 

Юқоридаги барча жараёнлар бизнес таҳлил (BI – Business Intelligence) ёрдамида Агентлик масъул ходимлари томонидан мониторинг қилиб борилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларини олиш учун электрон рақамли имзо сўралмайди. Мазкур марказда синов тариқасида махсус электрон имзо мосламаси мавжуд.

Энди банк кассаларида навбатда туришга ҳам ҳожат қолмайди. Банк карточкаси мавжуд бўлган хизмат олувчилар учун давлат божлари ва бошқа тўловларни ўрнатилган POS-терминал, ҳамда PayMe GO тизими орқали тўлаш имкони яратилган.

Ҳуқуқий маслаҳат керак бўлиб қолса, ДХМда жойлашган «Мадад» нодавлат муассасасининг Тошкентдаги илк бўлимига мурожаат этиш мумкин.

Шунингдек, бинодан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, нотариус хонаси ва бошқалар ҳам жой олган.

Давлат хизматлари агентлиги маълумотига кўра, республика бўйича ДХМлар сони 55тага етди.

Эслатиб ўтамиз, ДХМларда аксарият хизматлар экстерриториал тамойил асосида кўрсатилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top