19:05 / 07.11.2019
0
4100

Нобель мукофоти совриндори Дан Шехтман ТИҚХММИдаги учрашувда қатнашди

Бугун, 7 ноябрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Нобель мукофоти совриндори Дан Шехтман билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда институтда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда хорижий талабалар ҳам иштирок этишди. Тадбирни институт ректори, профессор Ўктам Умурзаков бошқариб борди.

Учрашувда олим Дан Шехтман билан бирга Исроилнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдди Шапиро, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов иштирок этишди.

«Олимнинг институтга ташрифи ҳам бежиз эмас. Кейинги йилларда институтда таълим дастурларини, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар таркибини хорижлик талабалар ва мутахассислар билан бойитиш, илмий йўналишдаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш ишларига катта эътибор берилаётгани сир эмас. Бунинг натижаси ўлароқ, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта 2020 йил учун QS нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтингида қайд этилди. Шунинг учун ҳам Нобель мукофотининг совриндори ўз нутқида таълим муассасамиз шарафига илиқ дил изҳорларини айтиб таклиф учун ўз миннатдорлигини билдириб ўтди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, институтнинг келажакдаги тараққиёт стратегияси ҳамда фаолиятида муҳим йўналишлардан бири сифатида таълим, илмий-тадқиқот ҳамда салоҳиятни юксалтириш, ривожланган мамлакатлардаги илғор олий таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунда институтда 464 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 2 нафари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, 56 нафар фан доктори, профессорлар, 184 нафар фан номзоди ва PhD илмий даражасига ва доцент илмий унвонларига эга бўлганлар, 221 нафари катта ўқитувчилар, ассистентлардан иборат. Институтнинг илмий салоҳияти 52 фоизни ташкил этади.

Институтда 5та фундаментал, 20та амалий, 2та ёш олимлар амалий ҳамда 5та инновацион грант лойиҳалари, 10дан ортиқ соҳа ташкилотлари билан тузилган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ҳамда хўжалик шартномалари, 60дан ортиқ Давлат бюджети ҳисобидан ташаббускор илмий ишлар бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилади», дейилади институт матбуот хизмати хабарида.

Институтда деярли дунёнинг барча қитъаларидаги ривожланган мамлакатлардаги, халқаро рейтинг тизими доирасида илғор саналган қатор, республика ва минтақанинг ўзига хос табиий-экологик ва ижтимоий-иқтисодий шароитларга мутаносиб тарзда мўлжалланган дастурларга эга бўлган жами 85та олий таълим ва илмий муассасалар билан турли платформаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда Европа Иттифоқининг Эразмус Мундус ҳамда Эразмус+ дастурлари, АҚШнинг USAID ташкилоти, Германиянинг GIZ, Швейцариянинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Ўзбекистоннинг «Эл-юрт умиди» жамғармаси каби турли ташкилотлар томонидан яратилган платформалардан кенг фойдаланилмоқда.

Шу билан бирга, Германиянинг Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази (ZALF), Германиянинг Лейбниц Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO), Бирлашган миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури (UNDP), Германиянинг GIZ ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Институтда ЮНЕСКОнинг «Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси» кафедраси ташкил этилган ва соҳалараро платформа сифатида фаолият юритмоқда, унинг махсус лабораторияси барпо этилмоқда. Шунингдек, институтда Швеция Қироллик университети билан ҳамкорликда «Геоинформатика» маркази, АҚШнинг John Deer ва Россиянинг «Росселмаш» компанияларининг махсус марказ ва синфлари ташкил этилгани халқаро ҳамкорлик кўлами кенглигини кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда институтда тайёрлов курсини қўшиб ҳисоблаганда 30дан ортиқ хорижлик талабалар таҳсил олишмоқда. Институт фаолиятига 14 нафар хорижлик профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Мазкур ютуқларнинг узвий давоми сифатида бугун институтга «Технион» Исроил технология институти профессори, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман таклиф этилди. Олим «квазикристал»ларни кашф этгани боис 2011 йилда кимё бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилган. Шунингдек, профессор Д.Шехтман Исроил Фанлар академияси, АҚШ миллий техник академияси ҳамда Европа фанлар академияси аъзолигига сайланган.

Институтда ўтказилаётган бугунги тадбир олим билан ўзаро дўстона ва ижодий мулоқот тарзида кечди. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоб олишди.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top