08:00 / 17.11.2019
7
23507

Булоқбошида газ конлари бор. Лекин туман марказидаги уйларда овқат пишириш учун ҳам газ йўқ

Тўғриси, электрдаги узилишлар муаммолар ўз йўлига, лекин табиий газ таъминоти ёмон эканлиги ҳақида мақола ёзиш оғриқли масала. Аҳоли вакиллари табиий газ йўқлигидан нолиса, мурожаат қилса - уриниб мақола ёзсам самара бериш-бермаслигидан шубҳа қилишимиз бор гап. Аҳоли қишга кириш арафасида хонадонларни асосан электр  ёрдамида иситади.

Водийда аҳолига табиий газ бериш масаласи худди ечими йўқ муаммога ўхшайди. Чунки, аҳолининг катта қисмида табиий газ таъминоти жуда ёмон ҳолатда. Бир неча йилдан бери шу аҳвол.

Лекин, Андижон вилояти Булоқбоши туманида газ муаммоси бўлишининг ўзи ғалати. Чунки, 2017 йилдан бери шу кунгача туман ҳудудидаги Учтепа қишлоғида газ конлари топилди.

 2018 йилда ҳам яна бир газ кони очилганида маълумот берилди. Шу йилнинг февраль ойида «Юра 1» номли қудуқдан ҳам табиий газ чиққани ҳақида хабарлар тарқалди.

 2017 йили топилган газ кони ҳақидаги маълумотларда, кондан 100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр газ оқими чиқаётгани айтилган эди. 2018 йилда очилган газ конлари ҳақида «1134 метр чуқурликда ижобий натижа берган қудуқда олиб борилган геологик изланишлар натижасида шуниси маълум бўлдики, ҳозирда 4-қудуқнинг бир кунлик дебити 300.000 м3/суткани ташкил этмоқда», мазмунида маълумот берилган.

 Икки йил давомида газ конларидан аҳолига газ бериш бўйича нима ишлар қилинди билмадик?

 Бир ҳафта олдин, 9 ноябрь куни Булоқбоши туман марказидаги «Мирзакалон Исмоилий» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда бўлиб, газ таъминоти аҳволини ўрганган эдик.

 «Тумангаз идораси раҳбари Шоҳруҳ Шуҳратбеков «12 ноябрь кунига ёки узоғи билан 15 ноябрга марказдаги домларда газ ёнади!», деб ваъда берганди.  

 16 ноябрь куни соат 13:00ларда яна ўша ҳудудга бордик. «Мирзакалон Исмоилий» маҳалласи туман марказида жойлашган. У ердаги ёнма-ён жойлашган 14,15,16-сонли кўп қаватли уйлар ҳовлисида ўчоқда овқат пишираётган аёлларни кўрдик.

 Аҳоли вакиллари билан гаплашганимизда мутасаддилар «15 ноябрь куни газ берилади», дейишгани, лекин, газ босими кўтарилмагани, «комфоркали» газ плиталарида овқат пишириб бўлмаётганини айтишди. 16-уйнинг 3-квартирасида яшовчи Азимжон ота уйига бошлади. «Биз газдан овқат пиширгани фойдаланамиз. Марказлашган иситиш тизими йўқ. Баъзида пиликдек бўлиб келиб қолади. Ҳали қиш келгани йўқ, ўтган йили ҳам газсиз қийналдик», дейди Азимжон Қодиров.

Тумангаз идораси йўлида «Гулистон» маҳалласида тўхтаб, шу ерда яшовчи Ваҳобов Муҳаммадқодир ака билан суҳбатлашдик. «Маҳаллага бу йил ёзи билан газ тортишга ҳаракат қилишди. Аҳолининг ўзи ҳам тортиб келишга уриняпти. Айни пайтда бизнинг «Обод» кўчамизга газ гоҳ-гоҳида келиб қолиши мумкин. Ҳозир эса овқат пишириш учун ҳам газ йўқ», дейди Муҳаммадқодир ака.

 «Ширмонбулоқ» маҳалласида яшовчи Д.Хидирова ҳам газни олиб келишга уринишаётгани ҳақида эшитгани, лекин ҳозиргача натижа йўқлигини айтди.

 Тумангаз идорасига бориб, ҳолат ҳақида жавоб олмоқчи бўлдик. Мутасаддилар қудуқлар томонга чиқиб кетишган экан.

 Газ идораси раҳбари Шоҳрухбек Шуҳратбеков билан суҳбатлашдик.

 «Ёзда аҳоли эҳтиёжига яраша газ олдик. «Учтепа»даги 7-қудуққа сув тўлиб қолгани учун қийинчилик бўлди. Бошқа қудуқлардан газ олишни юқоридан ҳал қилишади. Ўзимизга қолса бермаймизми? Лекин, бугун қаттиқ ҳаракат қиляпмиз. Бугун, 8-қудуқни улаймиз.  Албатта ҳамма домларга газ берамиз», деди мутасадди.

 Совуқ тушганига 20 кунча бўлди. Масъул ташкилот вакилларининг аҳоли хонадонларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини шу вақтга қадар пайсалга солиб келгани ачинарли ҳолат.

 Андижон вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларидан ҳам табиий газ таъминоти бўйича кўплаб аризалар тушмоқда. Ҳали туманларда қишки мавсумга табиий газ берилиши бошлангани йўқ. Бор куч электрга тушиб, чекловлар жорий этиляпти. Кўп қаватли уйларда марказлашган иситиш тизимлари йўқ бўлиб кетганига анча йиллар бўлди. Бу эса – алоҳида мавзу...

 Булоқбошида газ бор. Фақат мутасаддилар ўз вақтида, баҳор ёки ёз кунларида қувурларни тортиш, тизимни ишга тушириш ишларини амалга ошириши керак эди.

 Мутасаддилардан Булоқбоши тумани марказидаги кўп қаватли уйларда табиий газ таъминоти яхшилангани ҳақидаги маълумотлар кутиб қоламиз.

Сарварбек Назаров

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top