12:03 / 22.11.2019
1
19752

Ёджу ректори: ёшларимиздаги диплом олиш учунгина ўқиш тушунчасини ўзгартиришимиз керак

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ректори Жанпўлат Кудайбергенов Ўзбекистонда кўпчилик ўқимасдан туриб, қинғир йўллар билан ОТМ дипломини олиш ҳақида ўйлашини таъкидлаб ўтди.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

«Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бизга абитуриентлар, уларнинг ота-оналари учун аксарият ҳолларда институт дипломи Ўзбекистонда тан олиниши муҳим. Бу оддий саволга ўхшайди четдан қараганда. Аммо дипломнинг қайсидир мамлакатда тан олинишидан олдин дипломни олишнинг талаблари бор.

Масалан, Ҳарвард ўз битирувчилари фалон миқдорда ойлик олишларини кафолатлайди, қачонки улар Ҳарварднинг талабларини бажаришса. Ҳарвардда ўқиб, унинг дипломини олган билан бундай кафолат берилмайди. Диплом – оддий бир қоғоз. Масалан, мен ҳам Топ-100ликка кирувчи Бирмингем университетида ўқидим, дипломим бор. Аммо хорижда қаергадир ишга кириш учун ҳужжат топширсам, мени албатта тестдан, суҳбатдан ўтказишади, билимим дипломимга мослигини аниқлаб, кейин ишга олишади», дея Жанпўлат Кудайбергеновнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ректорнинг қайд этишича, Ёджу техника институтига кўпчилик ўқимасдан туриб, турли йўллар билан дипломни олиш ҳақида сўраб келади.

«Хусусий олий таълим муассасаси раҳбари сифатида айтаман, биз иститутимизда ўқимаганларга диплом бермаймиз. Агар ҳозир хусусий сектордагилар талабгорларга қайсидир йўллар билан дипломни бераверса, таниш-билишчилик қилинса, тўрт йилдан кейин одам келмай қўяди. Бу – бозор иқтисодиётининг оддий қонунияти. Шунинг учун ёшларимиздаги диплом олиш учунгина ўқиш тушунчасини ўзгартиришимиз керак. Одам институтда билим олиш, соҳасининг ҳақиқий устаси бўлиш учунгина таҳсил олиши керак. Буни инглиз тилида SKILLS ва KNOWLEDGE дейишади. Шунда қайси ОТМнинг дипломига эга бўлмасин, мустақил ҳаётда имкониятлари кўпроқ бўлади. Агар мақсад фақат диплом бўладиган бўлса, бу катта муаммо», деб айтган давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференцияда.

Ректор институтда талабаларга стипендия берилмаслиги, бироқ бу йил энг юқори кўрсаткичларга эришган беш нафар талабанинг контаркт тўлови ОТМ томонидан тўлаб берилганини, бу ҳам ҳақиқий билим ҳамиша қадрланишининг тасдиғи эканини таъкидлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top