11:31 / 23.11.2019
1
15720

Олимпия маркази, қўшимча 100 млрд сўм ва «Спорт куни». Президент спорт соҳаси бўйича янги фармон имзолайди

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар жисмоний тарбия ва спорт тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда:

жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш;

давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 51 фоиздан 100 фоизгача етказиш;

жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тўрт босқичли тизим (муассаса-туман (шаҳар)-ҳудуд-республика) ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари ўртасида “Болалар олимпия ўйинлари”ни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар терма жамоаларига захира яратиш ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар спартакиадаси” спорт мусобақасини ташкил этиш натижасида талабаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

аҳолининг кенг қатлами, жумладан умумтаълим мактаби ўқувчилари, ўрта махсус, шунингдек профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорлиларини аниқлаш мақсадида жисмоний тарбия олимпиадалари ва “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўрик-танловини босқичма-босқич (туман (шаҳар), ҳудуд, республика) ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва жисмоний даражаси ривожланган энг яхши умумтаълим мактаб, профессионал ва олий таълим муассасаси номинациясини жорий этиш;

спорт соҳасини тижоратлаштириш, шу жумладан 2020 йилдан бошлаб спорт соҳасида “Tashkent Marathon” халқаро марафони, “Save Aral” халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш;

ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча шароитлар яратиш ҳамда бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш юзасидан киберспорт турини тизимли ривожлантириш;

аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” жисмоний тайёргарлик синовларини ўтказишни жорий этиш;

спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчилари учун илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш, тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда спорт соҳасида самарали тиббий ва фармакологик таъминотни йўлга қўйиш;

 

спорт турлари бўйича 18 ёшгача бўлган ҳудудий терма жамоа аъзоларини ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ўсмирлар бўлимларида ва ундан катта ёшдаги ҳудудий терма жамоа аъзоларини туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб бориш механизмини жорий этиш ҳамда келажакда улар негизида спорт тиббиёт марказларини ташкил этиш;

2020 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш ҳамда республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларида спортчиларни суғурталаш тизимини жорий этиш;

ҳудудларда қишки Олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммавийлаштириш орқали профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

Ўзбекистон спорт делегацияларини нуфузли спорт мусобақаларига тизимли тайёрлаш бўйича Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш;

 хорижлик спортчи ва мухлисларни кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида “хоспиталити хизматлари”ни йўлга қўйиш ва “Sport Visa” тизимини жорий этиш;

спорт соҳасида хусусий сектор улушини ошириш, шу жумладан спорт ташкилотларида давлат улушини камайтириш бўйича зарур чоралар белгилаш;

спорт соҳасида букмекерлик фаолиятини легаллаштириш ва спорт лотереяларини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш тизимини кенгайтириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қуролли кучлар тизимидаги таълим муассасалари, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ўқувчи-талабалари учун “Армия ўйинлари” дастурига киритилган спорт турлари бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари ва муассасаларини бошқарув тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан “Mening Sportim” тизими орқали спорт иншоотларини телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш;

миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш, шу жумладан, миллий спорт турларини Осиё ва Олимпия ўйинлари дастурларига киритиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

ҳар йили 20 декабрга қадар келгуси йил учун спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

республика календарь режасига асосан спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) календарь режалари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 25 декабрга қадар тасдиқланади;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) календарь режалари учун зарур маблағлар, шу жумладан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, спорт турлари федерациялари (уюшмалари) ва бошқа турдаги харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш йиллик дастури ҳар йили 1 апрелга қадар Молия вазирлиги томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ажратилади;

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг марказий аппарати тузилмасидаги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг негизида Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси ташкил этилади;

ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари бириктирилган ҳудудларида, шу жумладан маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш бўйича масъул этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда спортни молиялаштириш йиллик дастурини ишлаб чиқишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг йиллик харажатлар сметасида қуйидагиларни назарда тутади:

республика календарь режасига киритилган халқаро ва оммавий спорт тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ асосланган харажатларни;

Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш, жумладан, спортчиларни энергия захирасини қоплаш, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юксак натижа кўрсатган спортчиларга умрбод тўловлар, миллий терма жамоалар аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш, суғурталаш, спортчиларни тақдирлаш билан боғлиқ ва бошқа харажатларни;

ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) календарь режаларига киритилган спорт ва оммавий спорт тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни;

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ва спорт турлари федерациялари (уюшмалари), шу жумладан Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолияти билан боғлиқ харажатларни;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, бинолари ва майдонларини замонавий инвентарлар билан таъминлаш харажатлари.

Белгилаб қўйилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари:

жисмоний тарбия ва спорт муассасалари ҳамда иншоотларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш;

Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети, туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча даромадлари ҳисобидан зарур маблағларини даромадларининг аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 10 фоизгача маблағларни ҳудудий спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини молиялаштириш учун йўналтириш;

республика спорт федерациялари (уюшмалари) билан биргаликда туман (шаҳар) ҳамда олий таълим муассасаларини спорт турлари бўйича спорт ихтисослаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун зарур шароит яратиш, шунингдек “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовларини ўтказиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ҳар чоракда муҳокама этиб бориш;

ҳудудида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш ҳамда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъул ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик, идоралар, ўз тасарруфида бўлган ёки ҳудудида жойлашган очиқ спорт иншоотлари (стадион, футбол ва спорт майдонлари) ҳамда истироҳат боғларида (тадбиркорлик субъектларига тегишли иншоотлар бундан мустасно) аҳоли жисмоний тарбия (югуриш, юриш ва бадантарбия) билан бепул шуғулланиши учун шароит яратади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда аҳолини жисмоний тарбия билан бепул шуғулланиши учун яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли мониторинг олиб боради ва ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг таълим муассасаларининг спорт иншоотларини, уларда реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятини олган ҳолда, ўқув машғулотларидан бўш вақтда тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга бериш ҳақида таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисоб рақами маблағларини шакллантиришнинг қуйидаги қўшимча манбалари этиб белгиланмоқда:

юридик шахслар томонидан лотереялар ташкил этишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи;

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар.

Спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция), спорт захирасини шакллантириш тизимини йўлга қўйиш, ёшлар орасида спортни оммалаштириш, бу соҳада юқори натижаларга эришишда шундай тартиб ўрнатилсинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасалари камида биттадан устувор, истиқболдаги, ривожланаётган, шу жумладан миллий спорт турларига ихтисослаштирилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалари) билан биргаликда ҳудудларда ихтисослаштирилган туман (шаҳар), умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларининг спорт инфратузилмасини ривожлантиришда зарурий ўқув адабиётлар, методик қўлланмалар ва йўриқномалар билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи:

спорт таълими муассасаларига спорт диетологи, спорт психологи, спорт фармакологи, массажчи лавозимларини мавжуд штатлар доирасида жорий этиш ҳамда муассасаларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда мавжуд тренер штат бирликларини селекция бўйича тренер лавозимига ўзгартириш;

республика олий спорт маҳорати мактабларида мавжуд тренер штат бирликлари доирасида ҳар бир спорт тури бўйича Бош тренер-селекционер лавозимларини жорий этиш ва улар томонидан спорт мактабларига жалб қилинган спортчилар республика ва нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлганлиги (1-3 ўрин) учун унинг базавий тариф ставкаси миқдорининг уч баравар миқдорда рағбатлантириш;

муассасаларнинг харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида спорт тайёргарлигидан ўтаётган ўқувчи-спортчининг спортдаги натижалари яхшиланганда ва у бошқа юқори даражадаги спорт таълими муассасасига ўтказилганда, уни тайёрлаган тренерга бир ойлик иш ҳақи миқдорида бир марталик мукофот пули тўлаш;

барча турдаги давлат спорт мактабларида ўқув режасини мақбуллаштириш ҳисобига тренерларнинг ҳафталик ўқув юкламасини 24 академик соат этиб белгилаш;

спорт мактаблари эришган натижаларга кўра олимпия захиралари ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби мақомини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб спорт соҳасидаги ютуқларни муносиб равишда рағбатлантиришни назарда тутувчи қуйидаги таклифларига розилик берилади:

а) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадасининг республика босқичида 1 – 3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларни тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини бир марталик пул мукофотлари (1-ўрин учун – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 18 баравари, 2-ўрин учун – 12 баравари, 3-ўрин учун – 10 баравари) билан тақдирлаш;

б) “Болалар олимпия ўйинлари”нинг жамоавий ўйин турлари бўйича:

республика босқичи ғолибларига (1 ўрин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида спорт соҳаси бўйича мутахассислик фанларидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилиш;

ғолибларни тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тегишлилиги бўйича республика, ҳудудий, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан тақдирлаш:

туман (шаҳар) босқичида – 1 ўрин учун – 3 баравари, 2 ўрин учун – 2 баравари, 3 ўрин учун – 1 баравари;

вилоят босқичида – 1 ўрин учун – 4 баравари, 2 ўрин учун – 3 баравари, 3 ўрин учун – 2 баравари;

республика босқичида -1 ўрин учун – 6 баравари, 2 ўрин учун – 4 баравари, 3 ўрин учун – 3 баравари;

в) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадаси ва “Болалар олимпия ўйинлари”нинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт таълим муассасаларининг тренерлари аттестацияга жалб этилмасдан уларга тўғридан-тўғри малака тоифалари (туман (шаҳар) босқичи ғолибини тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси, вилоят босқичи ғолибини тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси, республика ва халқаро мусобақалар ғолибини тайёрлагани учун – олий малака тоифаси) бериш;

г) республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1 – 3-ўринлар) ғолиб чиққан олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонларни (доцент, профессор) тўғридан-тўғри бериш.

2020 йилдан бошлаб 5 март куни «Спорт куни» деб эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар турли оммавий тадбирлар, спорт мусобақалар, фестиваллар, марафонлар ва бошқа тадбирларни мос тарзда, тантанали равишда ўтказишни таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси спорт соҳасида букмекерлик фаолиятини легаллаштириш ва спорт лотереяларини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш тизимини кенгайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Бунда, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Термиз тумани Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган Халқобод транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бино, иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказиб берилиши таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Термиз филиалини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Республика олимпия захиралари теннис мактабининг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Яланғоч даҳасида жойлашган “Умид” спорт соғломлаштириш мажмуасини бино, иншоотлари Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби балансига ўтказиш таклифи маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилига қадар жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг давлат таълим стандартлари, малака талаблари ва фан дастурларини такомиллаштиради ҳамда битирувчиларга жисмоний тарбия ўқитувчиси ва ихтисослашган спорт тури бўйича тренер квалификациясини бериш амалиётини жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ягона электрон бошқарув тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда, давлат бюджетидан спорт соҳаси учун, шунингдек, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика ва ҳудудий календарь режалари учун ажратиладиган маблағларни тақсимланиши ва ишлатилишини тўлиқ назоратини амалга ошириш, уларнинг ҳисоботларини шакллантириш, спорт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар тушумини назорат қилиш ва ишлатилиши шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги марказий аппарати тузилмаси ва ҳудудий бошқармалари тузилмасига қўшимча 114 та бошқарув ходими штат бирликлари киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирига вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларининг чекланган сонига умумий тизимдаги ходимлари сони доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тадбиркорлик субъектлари томонидан республиканинг барча туманларида спорт иншоотларини барпо этиш учун Ҳукумат кафолати остида халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг имтиёзли кредит маблағларини жалб қилади.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга – Концепция ва “Йўл харитаси”ни ижро этиш юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил қилиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш, “Йўл харитаси” бажарилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига - Концепция ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Ҳ. Набиевга - Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top