16:40 / 28.11.2019
4
10802

«Демократик дебат»да ҳокимлар депутатлик кенгашларига раҳбарлик қилишига қачон чек қўйилиши масаласи кўтарилди

Сайловлардан кейин ҳам ҳокимларнинг депутатлик кенгашларига раҳбарлик қилиши давом этадими?

28 ноябрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» концерт залида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида «Демократик дебат» ток-шоусининг навбатдаги сони суратга олинди. 

Унда журналистлар томонидан ижро ҳокимияти вакиллари – туман ва вилоят ҳокимларининг жойларда депутатлик кенгашларига раҳбарлик қилиши ҳокимиятларнинг бўлиниш принципига мос эмаслиги, «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ташкил қилинаётган сайловлардан кейин бу ҳолатга чек қўйилиши ёки давом этиши масаласи кўтарилди.

Бу масала бўйича биринчи бўлиб «Адолат» социал-демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фаход Ишанкулов сўз олди:

«Ҳозирги кунда амалдаги қонунчилик бўйича бу тартиб бекор қилингани йўқ. Бу тартиб мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилингани бўйича ўзгаргани йўқ. Демак, ҳозир ҳам ҳокимлар сайловларда ўз номзодини қўйса (қўйишди ҳам) амалдаги тартиб бўйича давом этади. Биз бу қонун устида янги шаклланган парламент билан биргаликда ишлаймиз». 

ЎзЛиДеП сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси котибияти раҳбари Нуриддин Муродов савол юзасидан фикрини қуйидагича ифодалади:

«Албатта, икки ҳокимиятнинг ваколатлари алоҳида бўлиши керак. Биз «Маҳаллий кенгашлар фаолияти регламенти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини таклиф қиляпмиз. Агар биз бу лойиҳанинг парламентда маъқулланишига эришсак, ҳокимларнинг депутатлик кенгашларига раҳбарлик қилиш ваколатига чек қўйилади.

 Амалдаги қонунчилик бўйича кутилаётган сайловлардан кейин ҳам ҳокимларнинг депутатлик кенгашларига раислик қилиши давом этади».

«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари – Миродил Абдураҳмоновнинг фикрича, туман ва вилоят ҳокимларининг депутатлик кенгашларига бошчилик қилиши ҳақиқатда ҳокимиятлар бўлиниш принципларига мос эмас.

«Янги сайловлардан кейин Миллий тикланиш партиясининг биринчилардан бўлиб илгари сурадиган таклифи мана шу хатоликни тўғрилаш бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлими бошлиғи – Боймурод Юсупов ҳолатни Республика бошқарувидаги энг оғриқли масалалардан бири деб атади.

«Тасаввур қилинг, қонунни ишлаб чиқувчиларга унинг ижросини таъминлайдиганлар бошчилик қилмоқда. Жойларда ҳокимлар вакиллик органларига ҳисобдор бўлмас экан, режалаштирилаётган ишларимизда бирор ўзгариш бўлмайди. Биласиз, келаётган 2020 йил бюджети қонун билан қабул қилинаяпти. Эндиликда жойларда бюджет ижроси учун маҳаллий депутатлик кенгашлари жавобгар бўлади. 

Бюджет маблағлари сарфланишида ҳокимларнинг депутатларга ҳисобдорлигини таъминламай туриб шаффофликни ҳам таъминлаб бўлмайди».

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top