18:30 / 28.11.2019
0
4644

Самарқандда дарахт кесишга мораторий ва атроф-муҳит муҳофазасида шахсий жавобгарликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Самарқанд вилояти матбуот марказида Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов ва бошқарма ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

«Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида президент фармони билан «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси» ва уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Концепциянинг мақсади — мамлакатимиз аҳолисининг ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарур шарти сифатида атроф-муҳитнинг қулай ҳолатини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига атроф-муҳит объектларидан оқилона фойдаланишни ва биологик ресурслар қайта тикланишини таъминлашдир», — деди Д.Очилов.

Президент фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига мораторий жорий этилганига ҳам урғу берилди.

Мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига рухсатнома бериш ман этилади.

Бироқ, табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга; ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга ҳамда плантацияларда ўстирилаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга жорий этилмаслиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, бошқарма ходимлари оммавий ахборот воситаларидан атроф-муҳит муҳофазасида аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб боришда кўмаклашишни сўраб, қуйидаги ҳолатлар:

  • ёнувчи моддалар ва қурилиш материалларини бир жойга тўплаш ёки очиқ оловда ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этмаслик;
  • далалар ва аҳоли пунктларида махсус техник воситаларни қўлламасдан битумни эритиш, анғизни, тўкилган баргларни ва дарахт шохлари ёки бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш;
  • оқава сувларни жой рельефига ёки очиқ ҳавзаларга, шунингдек, коммунал канализация тизимига нормадан ортиқча ёки рухсатсиз оқизиш;
  • табиий сув объектларидан сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатномасиз сув олиш;
  • дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш ёки йўқ қилиш, ёввойи ҳайвонларни (шу жумладан табиий ҳавзалардаги балиқни) овлаш ёки қўлга киритиш;
  • чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик;
  • дарёлар, сойлар, кичик дарё ва кўлларнинг ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик жавобгарлик келтириб чиқариши ҳақида тушунча беришди.

Концепцияни амалга ошириш асносида табиатни муҳофаза қилиш ишларини янги босқичга кўтариш белгиланган. Жумладан:

  • Орол денгизининг қуриган тубининг Ўзбекистондаги қисмида ўрмонзорлар майдонининг унинг жами ҳудудига нисбатан 28 фоиздан 60 фоизга (2 млн гектарга) етказиш;
  • қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини йўқотишни 10 фоизга камайтириш;
  • оқова сувларини тозалаш самарадорлигини 80 фоизгача ошириш;
  • заҳарли ташламаларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишини 10 фоизга (2,492 млн. тоннадан 2,243 млн. тоннага) камайтириш;
  • транспорт воситаларининг 80 фоизини газ ёқилғиси ва электр двигателларига ўтказиш;
  • Ўрмон фондининг ўрмон билан қопланган ҳудудини 3,2 млн гектардан 4,5 млн гектарга етказиш;
  • Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини 3,5 фоиз (1,5 млн гектар)дан 12 фоиз (5,4 млн гектар)га кўпайтириш;
  • Аҳолининг маиший чиқиндиларини тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамровни 48 фоиз (16 млн киши) дан 100 фоизга етказиш;
  • Ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 18 фоиз (1,3 млн тонна)дан 65 фоиз (4,6 млн тонна)га ошириш.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан янграган саволларга ҳам жавоб берилди. Хусусан, Kun.uz мухбирининг Самарқанд шаҳри Фарход қўрғони аҳолисидан мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган цемент заводининг атроф-муҳитни ифлослантираётгани юзасидан келиб тушган мурожаати юзасидан бошқарма бўлим бошлиғи Т.Ҳошимов атрофлича жавоб берди.

М.Мамедов фуқароларнинг атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш борасида жамоатчилик назорати ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди.

Бошқарма ходимлари таҳририят аъзолари билан Фарҳод қўрғонидан тушган мурожаатни жойига чиқиб биргаликда ўрганишга келишиб олишди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top