21:10 / 29.11.2019
1
6492

2020 йилда солиқлар бўйича тушумлар 2019 йилга нисбатан 28 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда – Молия вазирлиги

Бугун, 29 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари мажлислари бўлиб ўтди.

Сенаторлар парламент юқори палатасининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишди.

Жумладан, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Давлат бюджети илк бор қонун билан мустаҳкамланаётгани, мазкур ҳужжат аҳоли турмуш сифатини янада яхшилаши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни борасида сўз юритилди.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ўз маърузасида 2020 йил бюджетининг соҳалар кесимидаги прогноз кўрсаткичларини келтириб ўтди.

«Консолидациялашган бюджет даромадлари 2020 йилда 159 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 24 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 40,4 трлн сўмни ташкил қилган ҳолда, 2019 йилга нисбатан 28 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда», дея Аҳадбек Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари давлат бюждетининг жами харажатларига оид маълумотларга ҳам тўхталди.

«Кейинги йилда [давлат бюждетининг жами харажатлари] 131,1 трлн сўмни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Бунда ижтимоий соҳа харажатлари 66 трлн сўмни ташкил этади. Инвестиция дастури асосида ижтимоий соҳа объектларига қилинадиган капитал харажатларни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий соҳага ажратиладиган умумий маблағлар улуши 55 фоизга етади.

Геология-қидирув ишларини бажариш учун 2,3 трлн сўмга яқин маблағлар ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бунда 2020 йилдан бошлаб нефть-газ соҳасидаги геология-қидирув ишлари учун ҳам бюджетдан 1,5 трлн сўмга яқин маблағлар ажратилмоқда. Бу ўтган йилги давлат бюджетида йўқ эди.

Инвестиция харажатлари учун келгуси йилда 13,9 трлн сўм миқдорида ёки 2019 йилга тасдиқланган параметрларга нисбатан 11,2 фоиз кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган.

2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида давлат бюджети даромадлари 128 трлн 460 млрд сўмни, харажатлар 131 трлн 104 млрд сўм ва ЯИМга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида тақчиллик билан прогноз қилиняпти», - деди Молия вазир ўринбосари.

Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш, 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг даромадларини тақсимлаш, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тартиби, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари тартибга солиниши қайд этилган.

Мамлакат бюджети шаклланиши ва ижроси шаффофлигини таъминлаш мақсадида «Openbudget» информацион порталининг яратилиши бошқарув тизимининг замонавийлашгани кўрсаткичи экани таъкидланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top