23:05 / 29.11.2019
0
16626

Молия вазирлиги давлат ташқи қарзига чегара қўйилишининг сабабини маълум қилди

2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси ва унинг кафолати билан имзоланадиган ташқи қарз шартномаларининг жами миқдори ва ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган давлат дастурлари харажатлари миқдори чекланмоқда. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров маълум қилди. 

29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатасининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. 

Аҳадбек Ҳайдаров 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси ва унинг кафолати билан имзоланадиган ташқи қарз шартномаларининг жами миқдори ва ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган давлат дастурлари харажатлари миқдори чекланаётганини айтиб ўтди.

«Бунинг асосий мақсади нимадан иборат? Янги ташқи қарз жалб қилинмаган ҳолатда шу кунгача имзоланган шартномалар бўйича маблағлар ўзлаштирилиши натижасида давлат ташқи қарзи 2019 йил давомида 1,5 баробарга ошиб, йил якунида 15,3 млрд доллар, ЯИМга нисбатан 25,4 фоизни ташкил қилади. 

Халқаро экспертлар билан ишладик. Давлат қарзининг хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 50 фоиз бўлиши керак. Шундан келиб ҳисоб-китоб қилдик. 

Ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган миқдори 4 млрд АҚШ доллари. Бу фақат ҳукумат томонидан ва ҳукумат кафолати остида жалб қилинган кредитлар бўйича.

Бунинг асосий мақсади – давлат бюджети дефицитини келгуси йилларда босқичма-босқич пасайтириш.

Агар ташқи қарзни жалб қилишга чегара қўймасак, бюджет дефицитимиз бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра келгуси йилда 3 фоиздан ҳам ошиб кетиши мумкин.

Кейинги йилда [бюджет дефицитини] 2 фоизгача, 2022 йилга келиб 1,5 фоизгача тушириш режалаштирилган», - дея Молия вазири ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top