11:45 / 03.12.2019
0
9403

Марказий банк иқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийсини эълон қилди

Фото: Владислав Содель / Коммерсантъ

Ўзбекистон Марказий банки иқтисодий вазиятнинг асосий сценарийси ва ташқи иқтисодий хатарларга асосланган муқобил сценарийсини тақдим этди.

Асосий сценарий

2020-2022 йилларда иқтисодий вазиятнинг кутилаётган асосий ўзгаришлари сифатида иқтисодий ўсиш жорий суръатларининг сақланиб қолиши, олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг босқичма-босқич давом эттирилиши ва жаҳон иқтисодиётидаги умумий ўсиш суръатларининг бироз секинлашуви назарда тутилмоқда.

Ушбу сценарийга кўра, ЯИМнинг 2019 йил якунлари бўйича реал ўсиши дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5,6 фоизни, 2020 йилда эса 5,2-5,5 фоизни ташкил этиши, шунингдек, 2021-2020 йилларда 5,5-5,8 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, мазкур сценарийда асосий савдо ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик бир оз пасайишдан сўнг аста-секин тикланиши, улардаги инфляция даражаси эса мақсадли кўрсаткичлар яқинида бўлиши ва миллий валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан мўътадил девальвацияси асосий макроиқтисодий ўзгаришлар сифатида қабул қилинмоқда.

Бунда, 2020-2022 йиллар охирига қадар мамлакат импорти ўсиш суръатларининг тобора пасайиб бориш тенденцияси билан бирга, ташқи савдо айланмасининг барқарор ўсиш суръатлари сақланиб қолади.

Жаҳон бозорларида нархларнинг қулай шаклланиши ва экспортни кенгайтиришга қаратилган чоралар натижасида мамлакатда товар ва хизматлар экспорт ҳажмининг (олтинни ҳисобга олмаганда) йиллик 10 фоиз даражасида ўсиб бориши тахмин қилинмоқда. Бунда, асосий экспорт маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги нархлари кам ўзгарувчанлик билан шаклланиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Хитойда саноат ишлаб чиқаришининг секинлашиши туфайли газ ва мис нархлари пасайиши, АҚШ Федерал резерв тизими ва Европа Марказий банкининг пул-кредит шароитларини «юмшатиб» боришлари натижасида олтин нархларининг барқарор бўлиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, экспорт тушумлари бўйича ўсувчан динамиканинг сақланиб қолишига хизмат қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Тартибга солинган нархлар борасида асосий сценарийга кўра ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархларини таннарх даражасига қадар эркинлаштириш жараёнларининг 2022 йилга қадар босқичма-босқич тугатилиши ва бунда ушбу жараённинг инфляцияга таъсирини имкон қадар минималлаштирган ҳолда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Марказий банк томонидан асосий сценарий шарт-шароитларида 2020 йил охирига йиллик инфляция 12-13,5 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда ва мақсадли кўрсаткичлар ўртасидаги фарқни босқичма-босқич қисқартириб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига, 2023 йилда инфляциянинг асосий таргети – 5 фоиз даражасига эришиш мўлжалланмоқда.

Иқтисодиётнинг кредитлаш ҳажмлари ўсиши 2019 йил охирига қадар 44 фоизни ташкил этиши инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатаётган бўлса, 2020 йилда кредитлар ўсишининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши доирасида бўлиши инфляцияга қўшимча босимни вужудга келтирмайди.

Давлат бюджети харажатларининг (Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобга олинмаган) 2019 йилда 34 фоизга ошиши инфляцияни ошириш характерига эга бўлса, 2020 йилда давлат бюджетининг харажатлари тасдиқланган параметрлар доирасида бўлиши инфляцияга жиловловчи таъсир кўрсатади.

Логистика хизматлари, улгуржи савдо ва товарларни сақлаш инфратузилмаси сифатини ошириш, саноат совиткичлари сонини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 2020 йилда озиқ-овқат товарлари нархлари ўзгаришининг 2019 йилга нисбатан бир оз секинлашиши кутилмоқда.

Ташқи иқтисодий хатарларга асосланган муқобил сценарий

Ушбу сценарийда асосий савдо ҳамкор давлатлар иқтисодиётларида ўсиш кўрсаткичларининг пасайиши (нефть нархининг пасайиши, санкцияларнинг кучайиши) туфайли, ушбу мамлакатларда талаб қисқариши ҳисобига Ўзбекистоннинг жорий экспорт ҳажмлари мақсадли кўрсаткичлардан пасайиши, шунингдек, трансчегаравий пул ўтказмаларининг камайиши иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида қаралади.

Асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий пасайиш ушбу мамлакатлардан иқтисодиётимизга инвестициялар ҳажмининг қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, жаҳон бозорларида асосий экспорт товарларимиз нархлари ноқулай конъюнктураси шаклланиши ва ташқи талабнинг пасайиши ҳам тўлов балансига салбий таъсир кўрсатади.

Ушбу шароитда миллий валюта алмашув курсига девальвацион босимнинг кучайиши кузатилиши ва бу, ўз навбатида, ички нархлар динамикаси ҳамда инфляцион кутилмаларда акс этиши мумкин.

Ташқи салбий «шоклар» таъсири энг аввало ЯИМ ҳажмларида акс этади. Бунда, 2020 йилда ўсиш суръатлари асосий сценарийдан 0,7 фоиз бандга секинлашиб, 4,7 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Ташқи шоклар таъсирида ЯИМ ҳажми ўсиш суръатининг асосий сценарийдаги кўрсаткичлардан секинлашиши 2022 йилнинг бошига қадар сақланиб қолади.

2022 йилдан бошлаб ўсиш суръатлари асосий сценарийда прогноз қилинган 5,5-5,8 фоизлик даражага яқинлашади.

Ташқи иқтисодий хатарларга асосланган Муқобил сценарий шарт-шароитларида 2020 йил охирига йиллик инфляциянинг 19-20 фоиз даражасида, 2021 йил охирида 15 фоиз ва 2022 йилда эса 12 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top