13:40 / 03.12.2019
3
24887

Туркманистондан Ўзбекистонга кунига ўртача 15 млн кВт⋅с электр энергияси импорт қилинмоқда

1 декабрь куни Туркманистондан Ўзбекистонга 14,9 миллион кВт⋅с, 2 декабрь куни эса 15,4 миллион кВт⋅с электр энергияси импорт қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати маълумотида келтирилган.

«Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Туркманистондан ўзаро имзоланган шартномага кўра, электр энергиясини етказиб бериш бошланди ва шу куни жами 14,9 млн кВт⋅с электр энергияси етказиб берилди. 2 декабрь куни эса, электр энергиясини етказиб бериш 15,4 млн кВт⋅с ни ташкил этди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, электр энергиясини етказиб бериш шартномада белгиланган, келишилган графиклар ва миқдорлар асосида амалга оширилмоқда.

Жорий режимларда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасаруффидаги электр тармоқлари ва подстанциялари шартномада белгиланган миқдордаги электр энергиясини ҳудудий тармоқлар чегарасигача чекланишларсиз етказиб бериш имкониятига эга эканлигини маълум қилади», дейилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» «Туркманэнерго» билан электр энергиясини импорт қилиш юзасидан бир йиллик келишувга эришилгани, 1 декабрь кунидан буён Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар рўй бериб, тармоқдаги чекловлар кескин камайишини маълум қилганди.

Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятига режа бўйича ҳар куни 16,6 миллион кВт⋅с электр етказиб бериш керак, амалда кунига 17,4 миллион кВт⋅с етказиляпти. Аслида вилоятнинг эҳтиёжи 20 миллион кВт⋅с дан кам эмас.

Бундан аввалроқ «Дарё» нашри Туркманистондан узатилаётган электр тармоғи юқори кучланиш билан ишлагани сабаб тармоқ контакти қизиб кетгани, шунинг учун вилоятнинг етти тумани айрим ҳудудларида тўрт соат электр бўлмагани ҳақида хабар тарқатганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top