19:09 / 05.12.2019
2
16354

Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳотамов: «тизимни нопок ходимлардан тозалаш замон талаби» 

4-5 декабрь кунлари Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан ички ишлар органларига кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш йўналишида таркибий ва ҳудудий органлар кадрлар бўлинмалари раҳбарлари иштирокида танқидий руҳдаги йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳотамов иштирок этиб, кадрлар билан ишлаш тизимига мутлақо янгича ёндашув лозимлиги, тизимни нопок ходимлардан тозалаш, кадрлар билан ишлаш фаолиятида холислик, шаффофлик ва адолат тамойилларига сўзсиз риоя қилиш замон талаби эканлиги таъкидлаб ўтди.

Ҳозирги кунда ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ўқитиш, малакасини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, лекин айрим мутасадди раҳбарларнинг ушбу масалага ўта масъулиятсизлик билан ёндашиб келаётганлиги, тизимда ҳамон нопок ходимлар томонидан хизмат бурчига, қасамёдига хоинлик қилиниб, порахўрлик, тамагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби хатти-ҳаракатлар содир этилиши давом этаётганлиги танқид қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг ҳисобот даврида энг кўп интизом бузиш ҳолатлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги (820), Патруль-пост (508) ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (127) хизматлари ҳиссасига тўғри келган. Шу боис ушбу соҳавий хизматларнинг барча шахсий таркибини йил якунига қадар навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш тўғрисида топшириқ берилди.

Бу борада Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати, ўқув муассасалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ички ишлар бошқармалари кадрлар билан ишлаш хизматлари раҳбарлари йўл қўйган камчиликлари учун қаттиқ огоҳлантирилиб, йил якунига қадар фаолиятида ўзгариш қилмаган тақдирда уларнинг лавозимларида қолиш ёки қолмаслик масалалари кўриб чиқилиши хақида огоҳлантирилдилар.

Шунингдек, порахўрлик, тамагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий иллатларга мойиллиги бор нопок ходимларни барвақт аниқлаш ва уларни тизимдан четлаштириш чораларини кўриш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top