08:04 / 06.12.2019
5
59911

АҚШ 100 млн доллар ўғирлаган хакерларга қарши санкциялар киритди. Улар орасида ўзбекистонлик ҳам бор

Фото: REUTERS

АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг олтита ширкати ва Evil Corp. (Dridex gang номи билан ҳам танилган) хакерлар гуруҳига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Шунингдек, ушбу хакерлар гуруҳига алоқадор 17 нафар шахсга нисбатан ҳам санкциялар киритилди. Улар орасида Россия, Украина, Ўзбекистон, Молдова, Греция, Исроил ва Испания фуқаролари бор.

РБК'нинг ёзишича, санкцияга тушган шахслар ва ташкилотларнинг АҚШ юрисдикциясидаги барча активлари музлатиб қўйилиши керак, АҚШ фуқаролари ва Америка компанияларига улар билан битимлар тузиш тақиқланади.

Вазирликдан таъкидлашларича, Evil Corp. 40дан ортиқ мамлакатлардаги уч юзта банк ҳамда ва молиявий компаниялардаги компьютерларга зарар етказиш учун ишлатилган Dridex зарарли дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тарқатиш учун масъул бўлган, натижада 100 миллион доллардан ортиқ пул ўғирланган.

АҚШ Молия вазирлиги раҳбари Стивен Мнучин Evil Corp.’ни кибержиноятчилик  соҳасидаги энг кучли ташкилотлардан бири деб атади.

Санкциялар рўйхатига киритилганлар орасида Максим Якубец ҳам бор, уни Молия вазирлиги «Россия ҳукуматининг кибержиноятчилик соҳасидаги зарарли ҳаракатларига тўғридан-тўғри ёрдам берадиган» хакерлар гуруҳи раҳбари, деб атайди. АҚШ Молия вазирлиги хабарида Якубецнинг ФХХ (ФСБ) билан ҳамкорлик қилиши кўрсатилган.

Молия вазирлиги Давлат департаменти Evil Corp. етакчисини қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар миқдорида мукофот пули эълон қилганини билдирди.

Бундан ташқари, АҚШ Молия вазирлиги Evil Corp.’га алоқадор деб ҳисоблаган бошқа шахсларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди. Муассаса маълумотларига кўра, уларнинг баъзилари гуруҳда раҳбарлик вазифаларини бажарган, бошқалари ўғирланган пулларни олиб чиқиб кетишга ёрдам берган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top