12:23 / 06.12.2019
1
8529

МБ мижозлар ва тижорат банклари ўртасида келиб чиқаётган низолар туфайли мурожаат билан чиқди

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларининг мижозларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили банк хизматларини кўрсатишга доир шартномаларнинг айрим шартлари бўйича мижозлар ва хизмат кўрсатувчи банклар ўртасида низолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мижозлар, банклар билан юзага келаётган низоларнинг асосий сабабларидан бири сифатида банк хизматларини кўрсатишга доир шартномалар расмийлаштирилгунга (имзолангунга) қадар уларнинг шартлари билан танишиш имкониятининг мавжуд эмаслигини, банклар томонидан шартнома шартларининг мазмуни етарли даражада ошкор этилмаганлигини, шунингдек, шартноманинг имзоланган бир нусхаси тақдим этилмаслигини билдиришмоқда. 

Қайд этилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Марказий банк томонидан “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низомга қўшимча киритилган бўлиб, унга кўра истеъмолчи банк хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома (кредит, депозит, банк ҳисобварағига хизмат кўрсатиш, лизинг, банк карталари ва бошқалар бўйича) имзолангунга қадар унинг лойиҳасини батафсил танишиб чиқиш учун банк биносидан ташқарига олиб кетишга ҳақлидир. 

Тижорат банки банк хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини истеъмолчига ёки унинг ваколатли вакилига тақдим этиши, шунингдек, шартнома билан мустаҳкамланган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ҳамда тақдим этилаётган хизмат бўйича тўлиқ ва ҳаққоний маълумотларни ошкор этиши лозим.

Марказий банк мижозларга банк хизматини кўрсатиш тўғрисида тижорат банклари билан шартномаларни имзолашдан олдин ушбу шартномаларнинг матни, жумладан уларга киритилган молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ матнларни диққат билан танишиб чиқишни, зарур ҳолларда ҳуқуқшунослардан тегишли маслаҳатлар олишни тавсия этмоқда. Шу билан бирга, шартнома шартларини тушунмаган ҳолатларда эса, банк ходимларига савол билан мурожаат этишдан тортинмасликни сўраган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top