20:20 / 09.12.2019
1
15247

МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси Паст Дарғом туман бўлимининг собиқ бошлиғи бўйича расмий муносабат билдирди

МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими бошлиғининг лавозимдан олиниши туман ободонлаштириш бошқармасининг бетон тайёрлаш корхонаси билан боғлиқ эмаслиги ҳақида расмий муносабат эълон қилди.

«Ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими бошлиғи Илҳом Ҳамдамов 6 декабрь куни ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Айрим сайтлар ва ижтимоий тармоқларда бу воқеа 4 декабрь куни туманнинг «Қатортерак» маҳалласида Паст Дарғом туман «Ободонлаштириш бошқармаси» давлат корхонасига тегишли бетон тайёрлаш корхонасининг электр тармоғига ноқонуний тарзда улангани туман МИБ ходимлари томонидан фош қилингани туфайли маҳаллий ҳокимлик томонидан қўлланган жазо тариқасида талқин қилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси маълум қилишича, МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғининг ишдан олинишида маҳаллий ҳокимиятнинг асло алоқаси йўқ. Бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нотўғри маълумот. Шунчаки воқеалар тасодифан тўғри келиб қолган.

Қонун талаблари ва белгиланган тартибга кўра, ҳокимлик ёки ҳудуддаги бошқа бошқарув органи МИБ туман раҳбари фаолиятида бирор-бир жузъий камчилик сезган тақдирда, унга нисбатан тўғридан-тўғри интизомий чора кўриш ваколатига эга эмас.

Энг асосийси — Бюро Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мустақил орган ҳисобланади.

Бундай ҳолларда туман бўлими бошлиғининг бевосита раҳбари — вилоят бошқармаси бошлиғи номига тегишли чора кўриш ҳақида тақдимнома киритиши мумкин. Самарқанд вилоят бошқармасига бундай тақдимнома келиб тушмаган.

Бош прокурор ва Бюро директорининг соҳавий буйруқларига мувофиқ, туман ва шаҳар бўлимларида барча соҳаларда белгиланган тартибда текширишлар ўтказиб, уларнинг фаолияти мунтазам таҳлил қилиб борилади, ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра яхши кўрсаткичларга эришган ходимлар рағбатлантирилади, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ёки ўз вазифаларини уддалай олмаётган ходимлар интизомий жазога тортилиши мумкин.

Бошқа ҳудудий бўлимлар сингари, Илҳом Хамдамов раҳбарлик қилган Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлимида ҳам шундай текшириш ва таҳлиллар ўтказиб борилган.

Таажжуб билан айтиш жоизки, туман бўлими фаолияти мақтовга сазовор бўлмаган. Бирор марта асосий фаолият йўналиши — электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сувларни чиқариш ва маиший чиқиндилардан тозалаш хизматлари учун тўловларни ундириш ойлик режалари бажарилишига эришилмаган, туманда дебитор қарздорлик ойма-ой ошиб борган. Бу соҳаларда туман энг охиргилар қаторида. Ишни ташкил қилиш, қўл остидаги ходимлари томонидан ижро ва меҳнат интизомига риоя қилинишини таъминлаш соҳасида ҳам камчиликларга йўл қўйиб келинган.

Бу билан биз Илҳом Ҳамдамовни қораламоқчи эмасмиз, асло. Ўз фаолиятига танқидий ёндашиш ва қатъиятлилик билан камчиликларни бартараф қилиб бориш прокуратура ва бюро органларига хос хусусиятдир. Маълумот учун айтиш жоизки, И.Ҳамдамов ўзининг ишига танқидий баҳо бериб, ўз ташаббуси билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган, тадбиркорлик субъекти билан юзага келган зиддиятли ҳолатнинг бу жараёнга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Қолаверса, шу куни вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилишда, ўзининг иш фаолиятида юқорида баён қилинган сингари камчилик ва нуқсонларга йўл қўйган Каттақўрғон шаҳар, Булунғур ва Жомбой туман бўлимлари бошлиқлари, Иштихон туман бўлими бошлиғининг ўринбосари интизомий жазога тортилди, қатор туман раҳбарлари расман огоҳлантирилди. Таҳлил ва муҳокама натижаларидан келиб чиқиб, қўйилаётган талаблар кесимида ўз имкониятларини тўғри баҳолаган МИБ Ургут туман бўлими бошлиғи Ш.Мусурмонов ҳам ўзини кичикроқ ҳажмдаги ишга ўтказиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган.

Бундан сўнг ҳам президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни адо этишда иш фаолиятига танқидий кўз билан қараш, учраётган камчиликларни бартараф қилишга қатъиятлилик билан ёндашиб келинади.

Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими собиқ бошлиғи И.Ҳамдамовнинг ўз вазифасидан кетишини 2019 йил 4 декабрь куни Паст Дарғом туманининг «Қатортерак» маҳалласида Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва бетон тайёрлаш корхонаси ходимлари ўртасида юзага келган зиддият билан боғлаш ноўрин, деб ҳисоблаймиз. 

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси фаолиятига оид тасдиқланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмасликни, тезкор маълумот олиш учун бошқарма матбуот хизмати орқали мурожаат қилишларини сўраб қоламиз», — дейилади расмий муносабатда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top