13:45 / 17.12.2019
1
10382

Ўзбекистонлик мутахассисларга Япониянинг етакчи корхоналарида малака ошириш имконини берувчи меморандум имзоланди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

2019 йил 17 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Япониянинг Адлия, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва фаровонлик, Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Япония миллий полиция агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарида айтилишича, унга кўра икки давлат “махсус малакали ишчилар” мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.

Меморандумнинг асосий мақсади махсус малакали ишчиларни юбориш, қабул қилиш ва Японияда рўйхатдан ўтказиш масалаларини ҳал қилиш хамда ушбу жараёнларнинг мунтазамлиги ва шаффофлигини таъминлашдан иборат.

Бугунги кунгача Япония ҳукумати томонидан фақат 9та давлатнинг малакали ишчиларини Японияда фаолият олиб борувчи етакчи корхоналарга олиш учун рухсат берилган. Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикасига хам шундай имконият яратилди ва 10 давлат сифатида дастур рўйхатига қўшилди.

Янги имзоланган меморандумга кўра, Японияга юборилаётган махсус малакали мутахассислар энг аввало, ўз соҳаси бўйича хорижий тажрибани ўрганиши мумкин. Бу кейинчалик Японияда орттирилган тажрибани Ўзбекистон ривожи учун қўллаш имконини беради.

Меморандум шартларига кўра, юборилаётган мутахассислар япон тилини билиш даражаси бўйича имтиҳон синовларидан ва эгаллаган мутахассисликлари бўйича амалиёт имтиҳонидан ўтиб, 5 йилгача бўлган муддатда келишув асосида ўзлари танлаган корхонада фаолият олиб боришлари, келишилган ҳолда иш жойларни алмаштиришлари, шу билан бирга, Япония фуқаролари билан бир хил меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатишлари мумкин бўлади.

Мазкур жараённи амалга ошириш учун ваколатли органлар сифатида Япония Иммиграция хизматлари агентлигининг яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги белгиланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top