07:28 / 22.12.2019
2
51288

Қор кўчкиси хавфи туфайли Қамчиқда автотранспортлар ҳаракати чекланди — довондан репортаж

Қамчиқ довонида қор кўчкиси хавфи туфайли автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўхтаб қолгани ёки маълум бир муддатга чеклаб қўйилгани тўғрисида хабарлар ҳар йили қиш мавсумида қулоғимизга чалиниб туради.

Кеча, 21 декабрь куни ҳам айни сабаб билан А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. 

Куннинг биринчи ярмида довонда қолаётган автомобил эгалари ва йўловчиларнинг видео ва фотолавҳалар илова қилинган мурожаатлари сайтимизга келиб турди. 

Вазият билан яқиндан танишиш мақсадида, Kun.uz’нинг мухбир ва операторларидан иборат гуруҳи А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида бўлдик.

Ижодий жамоамиз довонгача боришни ният қилиб чиққан автомобилдан Ангрен шаҳридаги «Чинор» постида тушишга мажбур бўлдик. Бўралаб ёғаётган қор ва музлаган йўл енгил автомобилнинг юқорига ҳаракатланишига йўл бермади. Йўлнинг қолган 60 километрини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли қутқарув гуруҳи аъзоларининг махсус машинасида босиб ўтдик.

Айни пайтда тоғ йўлини қордан тозалашга жалб этилган ва қор эриши учун йўлга туз сепиб чиқаётган махсус муҳандислик техникалари тинимсиз ишлаб турибди.

Вазирлик ходимларининг маълумотига кўра, 45 та техника, 200 га яқин шахсий таркиб томонидан Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчилар етарли шароитлар билан таъминланган назорат кузатув постларига, Қамчиқ отрядига, қолаверса, умумовқатланиш шохобчаларига эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.

Шунингдек, Транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида, «Қамчиқавтойўл» Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан 115 та махсус муҳандислик техникалари ва 314 нафар шахсий таркиб жалб қилиниб, йўлларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

Борган манзилимиз, довоннинг 228-километрида эвакуация қилинган йўловчилар темир йўл орқали қўшимча бепул йўловчи поездининг учинчи рейси билан ўз манзилига кузатилаётган экан.

Бу ерда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишдик. Шароитлар қониқарли,  йўловчилар учун бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва шифокор хизмати ташкил қилинган.

«Довон йўли ёпиқ экан, йўлни давом эттиролмаслигимизни айтишди. Энди поездда йўлга чиқдик, бу албатта, хафвсиз», — дейди йўловчилардан бири.

Кун давомида амалга оширилган ишлар, эвакуация қилинган йўловчилар ҳақида «Қамчиқ» махсус қидирув қутқарув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Бахтиёр Шайқулов маълумот берди.

«Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра, бугун А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 228–253-километрлари оралиғида қор кўчиши хавфи сақланиб турибди.

Огоҳлантиришга асосан, йўловчи ва ҳайдовчилар хафсизлигини таъминлаш мақсадида йўлнинг шу қисмидан ўтишга улгурмаган транспорт воситалари йўловчиларини эвакуация қилиш ишларини ташкил қилмоқдамиз.

Гидрометеорология хизмати маркази томонидан эртага эрталаб қор ёғишдан тўхташи айтилмоқда. Шундан сўнг, мониторинг натижаларига кўра, ҳарбий тўплардан фойдаланган ҳолда сунъий қор кўчкиси юзага келтирилади ва ундан кейин йўллар қайта тозаланади», — деди у.

Биз турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, озиқ-овқат, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари захираси ва исиниш масканаларида ҳам бўлдик.

«Бухородан Қўқон бозорига байрамолди харидоргир маҳсулотлар: апельсин, хурмо ва бошқа меваларни олиб келаман. Хавфсизлик сабаб йўлни ёпишганини айтишди. Йўл очилишини кутяпмиз. Шароит ёмон эмас, лекин барибир йўл тезроқ очилса яхши бўларди», — дейди бухоролик йўловчилардан бири.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бугун куннинг иккинчи ярмида  Қамчиқ довонидаги қор кўчкиси хавфи йўқ қилингач, автомобиллар қатнови қайта йўлга қўйилиши мумкин.

Илёс САФАРОВ, Kun.uz мухбири
Муҳаммаджон ҒАНИЕВ, тасвирчи

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top