13:11 / 24.12.2019
0
4708

Тошкент вилоятида қонунга хилоф равишда сақланган гиёҳвандлик воситаси аниқланди

Фото: Тергов департаменти

2019 йил 13 декабрь куни Ангрен шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан уй-жой дахлсизлигини чекловчи тадбир ўтказиш ва турар жойни кўздан кечириш тўғрисидаги қарорга асосан, 22 ёшли С.Н.нинг яшаш уйи кўздан кечирилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу вақтда хонадон ётоқхонасидаги ётоқнинг тагида 18 дона полиэтилен пакетларга ўралган ўткир ҳидли, қовурилган ҳолдаги модда ҳамда хонадоннинг даҳлизида турган ёғоч қути ичида оқ рангли хўжалик қопи ичида қуритилган, ўткир ҳидли модда сақланаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, 18 дона полимер пакет ичидаги модда “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги, унинг қовурилган ҳолдаги умумий соф оғирлиги 533,8 гр.ни, хонадондан олинган қоп ичидаги қуритилган ҳолдаги модда “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги, унинг оғирлиги 2 934 гр.ни ташкил этиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро С.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда кўп миқдорда сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top