15:50 / 25.12.2019
0
38826

Норвегияликлар нега электр энергиясини тежашмайди ва уйни иситишда газдан фойдаланишмайди?

Аксарият норвегияликлар уйларини иситиш учун электрда ишлайдиган иситгичлардан фойдаланишади.

Гарчи ушбу шимолий мамлакатда йилнинг бир неча ойи давомида биноларни истишга тўғри келса-да, Норвегия аҳолиси электр тўловларидан асло қўрқмайди. Юқори даражадаги иш ҳақи ва электр энергияси тарифлари пастлиги ҳисобига норвегияликлар ўзларига буни бемалол раво кўра олишади. Шу билан бирга, худди шу каби бадавлат тоифага кирувчи қўшни швецияликлар ва данияликлар электр энергияси учун катта миқдорда маблағ сарфлашга мажбур. Ҳамма гап Норвегиянинг Европа географик харитасида жойлашган ажойиб ўрни билан боғлиқдир. 

Норвегиянинг устун жиҳати мамлакат Шимолий ва Норвегия денгизларида углеводород қазиб чиқаришида эмас. Дарҳақиқат, нефть қазиб олиш Норвегия иқтисодиёти таянчларидан биридир, аммо ишлаб чиқарилган углеводородларнинг атиги 5 фоизи ички бозорда истеъмол қилинади — қолган қисми Европа Иттифоқи ва АҚШга экспорт қилинади. Ушбу шимолий мамлакатнинг энергетикаси сувга асосланган. Бир қанча йирик гидроэлектростанциялар мавжуд бўлиб, улар Норвегиянинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 95 фоизини таъминлайди ва бу дунёда гидроенергетикадан фойдаланиш даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичдир. 

Норвегия гўзал фиордларга (қирғоқлари қояли денгиз кўрфази) уланиб кетувчи тор ва чуқур дарё водийлари билан тўлган Скандинавия ярим оролининг ғарбий қисмини эгаллаган. Мамлакатнинг ғаройиб рельефи юзага келишига қадимги тектоник жараёнлар, сўнгги музлик даврида бу ерда жойлашган ва денгиз томон чекинаётиб шундай ўзига хос изларни қолдирган қудратли муз қопламлари сабабчи бўлган.  

Тор ва чуқур дарё водийлари тўғон ва сув омборлари қуриш учун жуда қулайдир. Бундан ташқари, мамлакатда кўплаб табиий шаршаралар ва кўллар мавжуд бўлиб, улар ҳам энергия манбаи сифатида хизмат қилади. Норвегия ўз афзалликларидан жуда устомонлик билан фойдаланади, чунки бу мамлакатдаги ГЭСларда ишлаб чиқарилган энергия нафақат норвегияликларни таъминлайди, балки экспортга ҳам йўналтирилади. 

Ортиқча ишлаб чиқарилган арзон электр энергияси туфайли Норвегия замонавий Европада жуда машҳур бўлган шамол энергияси ёки бошқа муқобил манбаларни ишлаб чиқишга шошилмаяпти.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top