02:08 / 29.12.2019
5
33642

«Илтимос, одамлар чиқинди ташламасин...». Ободонлаштириш хизмати ходимлари қувончи, ҳайрати, ўтинчи Kun.uz объективида

Йўл бўйига ҳафсаласизлик билан улоқтирилган писта пўчоғининг эгаси ором уйқуда бўлган тонг саҳарда бошқа биров уни тозалаш билан овора...

Шаҳар ҳали уйғонмаган бир пайтда, ободонлаштириш ходимлари аллақачон ўз ишларини бошлаб юборишга улгуришади. Тонг нечада отишидан, об-ҳаво қандай келишидан, иш ёки байрам куни бўлишдан қатъий назар улар учун иш вақти аниқ, қилинадиган иш тайин. Режимдан чекиниш йўқ. Мақсад шаҳарни ораста қилиш.

Аммо биз ҳар доим ҳам сариқ нимчали тозалик жонкуярлари меҳнатини илғамаймиз. Оқланган дарахтлар, йиғиб олинган хазонлар, супурилган йўлаклар худди ўз-ўзидан бўлиб қолаётгандек, доим шундай бўлиш керакдек.

Кўнгиллилик асосида бирлашган “Бахт улаш” ёшлар гуруҳи бу инсонларнинг кўнглини кўтариш, уларнинг меҳнати ҳар биримиз учун, жамият учун қадрли эканлигини кўрсатиш мақсадида савобли ишга қўл уришди. Рўзғор учун керакли маҳсулотлар ─ гуруч, ёғ; термос идиш, ширинликлар, қўлқоп, пайпоқ кабиларни йиғиб, ободонлаштириш ходимларига тарқатишди. Шаҳар тозалиги йўлида қилаётган меҳнатлари учун ташаккур билдиришди.

“Сариқ нимчалилар” бу эътиборни катта мамнуният ва қувонч билан қабул қилишди. Чуқур миннатдорлик, кўзларда мамнунлик, самимий дуолар ва тилаклар...

Бунга қуйидаги видероликда ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин:

Ўз миннатдорлигини билдирар экан, ободонлаштириш ходимлари бутун аҳолига илтимос билан чиқишди:

“Илтимос одамлардан, “мусор”ларни кўчага ташлашмасин. Урналар қўйилган, шунга ташлашсин. Лотокларнинг ичи “мусор”га тўлиб кетган, метрога сув ўтяпти. “Дом”лардан, кафелардан роса “мусор” чиқади. Айниқса, “Чилонзор” метросининг “мусор”ини ташлашмасин. Буларга бирон нарса десангиз, ойлигингни ойляпсан-ку, дейди. Домкомга, участковойга қанча гапирганмиз, писанд ҳам қилгани йўқ”, ─ дейди сариқ нимчали онахон.

Кимлар учундир сувдан бўшаган баклажка, писта пўчоғини йўл бўйига ташлаб кетишнинг ҳеч бир ғайритабиий жиҳати йўқ. “Чиқинди қутилари кам, ҳар фалон метрда битта қўйилган”, деган эътироз ҳам ўринли. Бу ҳам аста-секин ҳал бўладиган масала. Лекин шу арзимас чиқиндини сумкага солиб қўйиш муаммо эмас, бошқалар меҳнатини қадрлаш керак холос.

Онахон баъзи ҳолларда ободонлаштириш ходимларига одамлар ёмон муносабатда бўлишини гапириб берди.

“Ҳожатхоналарга киргизмаса, кафеларга киргизмаса, роса ҳам хафа бўлиб кетамиз. Жойларимиз йўқ, кўчада совуқларда турамиз...”

Бу ҳолат эшитаётган қулоқ учун янгилик эмас. Ободонлаштириш ходимларининг ўз вазифаларини бажаришлари учун ноқулайлик туғдирадиган бундай ҳолатлардан тегишли идораларнинг ҳам хабардорлигига шубҳа йўқ. Бу масала Kun.uz’да аввал ҳам кўтарилган. Лекин ечим...

Маълумот учун, “Бахт улаш” кўнгилли ёшлар гуруҳи доимий равишда турли хайрия тадбирларини амалга оширади. Меҳрибонлик уйи, жисмоний ҳамда руҳий имконияти чекланган шахслар, моддий қийинчиликдаги инсонлар учун керакли ёрдамни имкон даражасида бериш, уларни хурсанд қилиш мақсадида кичик байрам шодиёналарини ташкиллаштириш гуруҳнинг асосий мақсадидир.

Совғалар ва пул маблағларини жамлашдан тортиб, уларни тарқатишгача бўлган ишларнинг барчаси ҳеч бир манфаатсиз, фақатгина кўнгиллилик ва ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Ҳеч қандай тижорий ва моддий мақсад мавжуд эмас.

Жамоага қўшилмоқчи бўлганлар @Baxt_ulash_chat манзилини излаб кўриши мумкин.

Сиз ҳам яхшилик қилинг, бахт улашинг. Хоҳ яқин инсонингизга бўлсин, хоҳ йўлдаги ўткинчига. Озгина меҳр ва эътибор кўнгилларни тоғдек қилиши мумкин. Сиз бунга қодирсиз!...

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Муҳаммаджон Ғаниев

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top