Жамият | 15:48 / 03.02.2020
11298
2 дақиқада ўқилади

«Покиза инсонлар» акцияси Самарқандда (фото)

Бугун, бир гуруҳ кўнгиллилар томонидан ўтказиб келинаётган «Покиза инсонлар» акцияси илк бор Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Kun.uz мухбири ушбу акцияда қатнашиб, кўнгиллилар томонидан Самарқанд шаҳри кўчаларини тоза ва озода бўлишига ҳисса қўшиб келаётган ободонлаштириш бошқармаси ишчиларига, улар ишлаб турган жойларда иссиқ ичимлик, егулик, қўлқоп ва иссиқ пайпоқ тарқатилишининг гувоҳи бўлди.

Самарқанддаги акция тугаганидан сўнг, ташаббусчилардан бири Шавкат Ҳасан билан суҳбатлашиб, ундан таассуротларини сўрадик:

«Покиза инсонлар» акцияси баҳонасида қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига келганимиздан хурсандмиз. Самарқанд шаҳри озодалиги учун шундай совуқ кунларда ҳам меҳнат қилаётган инсонларга озгина бўлса ҳам меҳр улашгимиз келди.

Кўчаларимизни супуриб, тозалаб юрган инсонларга озгина бўлса ҳам эътибор бериш ва уларга далда бўлиш учун акция ўтказиш масаласида ижтимоий тармоқларда эълон бердик. Кўплаб инсонлар чақирувимизга «лаббай» деб жавоб берди. Тошкентда ҳар пайшанба куни акция ўтказиб келяпмиз.

Бошқа вилоятларда ўтказилаётган акцияларни ўша вилоятлардаги кўнгиллиларнинг ўзлари қилишмоқда ва ижтимоий тармоқларда бизни ҳам ўз ҳудудларига тез-тез чақиришади. Шу чақирувлар ортидан бугун Самарқандга келдик. Яқин муддатларда Жиззах ва Бухоро шаҳарларига боришни мўлжал қилаяпмиз». 

Ободонлаштириш ходимларидан бу акция ҳақида фикрларини сўрадик. Уларнинг аксарияти бу акцияни ўтказаётган инсонларнинг ўзларига қаратаётган эътиборидан боши осмонда эканини айтиб, акция ташкилотчиларидан иложи борича одамлар кўча-куйларга чиқинди улоқтириб кетмасликлари учун бу масалада кўпроқ тарғибот ўтказишни илтимос қилишди: «Агар одамлар кўча-куйларга чиқинди улоқтиришни тўхтатса, бу бизга берилган энг катта ёрдам бўларди», дейишди улар.

Мавзуга оид