18:50 / 30.12.2019
3
26590

Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит пиротехника портлашидан жиддий жароҳат олди. Унинг қўли операция қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит пиротехника портлаши оқибатида жиддий жароҳат олгани, у Тошкент шаҳрига олиб келиниб, қўли жарроҳлик амалиётидан ўтказилгани ҳақида маълумот берди.

«Сўнгги йилларда ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида пиротехник воситалари оқибатида келиб чиқадиган жароҳатланишлар камаймоқда. Шунга қарамай, Янги йил арафасида пиротехника воситаларидан жароҳатланиш ҳолатлари учраб турибди.

Жумладан, бундан бир муддат аввал Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига пиротехника воситаси портлаши натижасида юз ва қўллари учинчи даражали куйиш жароҳати олган 10 ёшли, сирдарёлик Комилжон ётқизилган эди.

Бугун эса Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Қумовул» ҚФЙда яшовчи, 2002 йилда туғилган С. А. ўз уйида пиротехника воситаси қўлида портлаши оқибатида жиддий жароҳат олди.

Шундан сўнг у зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо олган жароҳатининг жиддийлигини ҳисобга олиб, тезкор равишда «тез ёрдам» машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг жонлантириш бўлимига «Чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати. Тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши» ташхиси билан ётқизилди. Малакали шифокорлар шу заҳотиёқ жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Айни пайтда даволаш муолажалари давом этмоқда.

Дарҳақиқат, пиротехника воситаларидан фойдаланиш инсон ҳаётига жиддий хавф туғдириши, жумладан, танадаги асоратлар узоқ йиллар сақланиб қолиши мумкин. Ўтган йиллар давомида бундай нохуш воқеалар туфайли кўзларнинг шикастланиши оқибатида кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилиши, ҳатто асоратлари беморларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиш ҳолатлари ҳам кўп бор кузатилган.

Пиротехника воситаларидан шикастланишлар асосан мактаб ёшидаги болаларда кузатилишини ҳисобга олсак, ёши катталар томонидан қатъий назорат олиб борилиши талаб этилади. Пиротехник воситалари таъсирида куйиш жароҳати юзага келган ҳолатларда куйган соҳаларни совуқ сув билан ювиш ҳамда куйган соҳаларга ўзи билмаган ҳолда турли хил дори воситаларини ишлатмаслик зарур. Биринчи навбатда асептик боғлам қўйиб, тез тиббий ёрдам хизмати ёки шифохоналарнинг куйганлар бўлимига мурожаат қилиниши лозим.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига, жумладан, ота-оналарга ўз фарзандларини пиротехника воситаларидан фойдаланмасликка, уларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирувчи бундай хавфли хатарлардан эҳтиёт бўлишларини яна бир бор сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top