11:01 / 04.01.2020
0
5723

Миллий ахборот агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) тўғрисида низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ҳамда ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктлари учун 1тадан енгил автотранспорт воситаси харид қилиш учун маблағ ажратади;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига 22та, шу жумладан, 3та шахсий бириктирилган, 7та навбатчи ва 12та минтақавий мухбирлик пунктларига бириктирилган енгил автотранспорт воситасини, Қорақалпоғистон ахборот агентлигига 1та навбатчи хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратади.

Низомда айтилишича, ЎзА мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини, жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни, амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг моҳияти, аҳамияти ва самараларини оммавий ахборот воситаларида холис, изчил ва Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ёритадиган расмий давлат ахборот агентлиги ҳисобланади.

ЎзА ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

ЎзА юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.

ЎзА тизимига:

марказий аппарат;
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги;
ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктлари киради.

Қуйидагилар ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;

республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;

бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун республиканинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видеоматериаллар) базасини шакллантириш;

ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;

республикада юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакат аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top