14:10 / 05.01.2020
19
85606

Иштихондаги мактаб воқеаси: Чиндан ҳам ўқувчи калтакланиб, иккинчи қаватдан ташлаб юборилганми?

Ижтимоий тармоқларда Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси билан боғлиқ нохуш воқеа ҳақда хабарлар тарқалди. Дастлаб Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси қисқача расмий маълумот билан чиқди.

«Иштихон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчисининг мактаб ўқитувчиси томонидан калтаклангани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот юзасидан муносабат:

Ижтимоий тармоқларда 2019 йилнинг 28 декабрь куни Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Қаршибоевнинг мактаб директори ўринбосари А.Рўзиев томонидан калтаклангани тўғрисида маълумотлар тарқалди.

Бу ҳақда шуни маълум қиламизки, мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда  туман прокуратураси ҳамда ички ишлар идораси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳодисага тўлиқ аниқлик киритилгач, батафсил маълумот берилади», дейилади маълумотда.

Ҳолатга аниқлик киритиш учун мазкур туманда бўлдик.

Иштихон туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Олимжон Хўжамов ҳамда жароҳатлари бўлими врачи Маъсуд Қиличев ўқувчи С.Қаршибоевнинг тиббий аҳволи ҳақда сўзлаб берди.

Уларнинг сўзларига кўра, 28 декабрь куни шошилинч равишда олиб келинган Қаршибоев тезда шошилинч тиббий бўлимга ётқизилган. Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг билак суягининг типик ёпиқ синиб силжиши ташхиси қўйилган. Қатъий ётоқ режими ва тинчлик ҳолати белгиланган. Бемор тегишли стандартлар бўйича икки ҳафта стационар даволанади, кейинчалик реабилитация жараёни ҳам олиб борилади. Бу жараён уч ойгача давом этиши мумкин. Бу ташхис билан бемор тўлиқ соғайиб кетиши кутилмоқда.

Ўрганиш давомида ўқувчининг яқинлари ҳамда мактаб жамоасининг фикри тамоман бир-бирига зид экани эътиборни тортди. Яъни, боланинг яқинлари у директор ўринбосари томонидан калтакланиб, 2-қаватдан ташлаб юборилгани, шу сабабдан ИИБга мурожаат қилишганини айтишмоқда. Мактаб жамоаси эса аксинча, ўқувчи директор ўринбосарини қўрқитиш учун деразага чиқиб олгани аммо кейин тушиб кетгани, директор ўринбосари унинг тушиб кетмаслиги учун сумкасидан маҳкам ушлагани, аммо сумка йиртилгач, у пастга тушиб жароҳат олганини айтишмоқда.

Аслида суд-тиббий экспертизадан кейин боладаги жароҳатларнинг қай бири калтакланиш, қай бири йиқилиш ёки бошқа сабабдан экани ойдинлашади. Унгача, хулоса чиқаришга шошилмасдан, томонларнинг фикрларини шундайлигича ҳавола этамиз.

Дилшод Пирназаров, ўқувчининг отаси:

  • Ўғлимнинг хулқи ёмон эмас, ҳеч қачон ўқитувчилар шикоят қилмаган. Тўсатдан ўғлингиз шифохонада экан, деб хабар беришди. Келсам ҳушсиз аҳволда ётибди. Эшитишича, 28 декабрь куни мактабда байрам ташкиллаштирилган экан, кимдир мактабда пиротехника воситаси портлатган, мактаб директори ўша жойга югуриб келганида ўғлим бўлган, «мен қилмадим» дейишига қарамасдан иккинчи қаватга олиб чиқиб калтаклаган. Ўғлим ўқитувчини қўрқитиш учун деразага чиққанида келиб итариб юборган. Йиқилмаслик учун болам ўқитувчининг сумкасидан ушлаб олган. Аммо барибир тушиб кетган.

Беморнинг акаси ҳам шу мазмунда гапириб, ўқитувчи болани қаттиқ калтаклагани ва иккинчи қават деразасидан итариб юборгани, азалдан у болаларни калтаклаб келгани ҳақда гапирди.

3-умумтаълим мактабида бўлганимизда, мактаб директори, психолог ва бошқа ўқитувчилар ўз фикрларини билдиришди.

Педагогларнинг барчаси «замдиректор» ўша куни болани ушлаб олишга ҳаракат қилгани, бола пастга сакрамоқчи бўлганида сумкасидан ушлашга улгургани, аммо ўқувчи барибир силтаниб, чиқиб кетиб пастга қулаганини айтишмоқда.

Уларнинг ўқитувчи болага қўл кўтармаслиги лозимлиги, аммо баъзан ўта оғир хулқли ўқувчилар ҳар қандай одамни қуюшқондан чиқариб юборишини таъкидлаб ўтишди. Ўқувчи С.Қаршибоев билан директор ўринбосари ўртасида ўша куни пайдо бўлган зиддият тўғридан-тўғри ўқувчининг хулқи билан ҳам боғлиқлиги, боланинг ўзини тутиши, ахлоқи юзасидан ўқитувчиларда бир неча марта шикоятлар бўлгани, мактаб психологи индивидуал суҳбатлар ўтказгани, отасига бир неча марта боланинг тарбияси масаласида гаплашиб олиш учун мактабга таклиф этиб хат ёзилгани, афсуски ота бирор марта келмагани айтилди.

«Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчи ёш болани 2-қаватдан ташлаб юборадиган даражадаги одам эмас», дейишмоқда мактаб жамоаси вакиллари.

Икки томоннинг воқеа бўйича фикри бир-бирига бутунлай тескари. Тез орада аслида нима бўлгани ойдинлашиши кутилмоқда. Туман ИИБ ходимлари ҳолат юзасидан терговолди ҳаракатлари давом этаётгани, қолаверса, экспертиза хулосалари ҳам кўп нарсага аниқлик киритиши маълум қилинди.

Яна бир жиҳат ҳозирча савол остида турибди. Туман ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, воқеа 28 декабрда содир бўлган. Ўша сана билан ўқувчининг отаси ва яна бир неча яқин қариндошлари унинг йиқилиб тушиб жароҳат олгани ҳақда тилхат ёзиб, ҳеч кимга даъвоси йўқлигини айтишган. Аммо орадан олти кун ўтиб ИИБга ариза билан мурожаат қилишган.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top