19:22 / 07.01.2020
0
61193

Генерал Сулаймонийнинг дафн маросими вақтида ҳалок бўлганлар сони ошди. Маросим бошқа кунга қолдирилди

Эроннинг Кирмон шаҳрида генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросими у билан видолашиш истагидагиларнинг ҳаддан ташқари кўплиги боис бошқа санага қолдирилди. 

ISNA агентлиги маълумотига кўра, маросим вақтида юзага келган талотўп туфайли ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етган, 200дан ортиқ киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Уларнинг айримлари оғир аҳволда.

Аввалроқ дафн маросими вақтидаги тиқилинчлар туфайли 35 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

«Айни вақтга келиб маросим вақтидаги тартибсизликлар туфайли ҳалок бўлганлар сони 50 нафарга етди, яна 213 нафар ватандошимиз жароҳатланди», деган шаҳар тез тиббий ёрдам маркази бошлиғи.

Дафн маросими ташкилотчиларидан бири бўлган Маҳди Садафи одамларнинг улкан оқими туфайли маросимни давом эттиришнинг имкони бўлмаган.

Дафн маросими қайси куни ўтказилиши кейинроқ ОАВ орқали маълум қилинади.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Ироқнинг Бағдод шаҳрида америкалик ҳарбийлар берган авиазарба натижасида ҳалок бўлганди. Ўтган кунлар мобайнида унинг жасади Аҳваз, Қум ва Теҳрон шаҳарлари бўйлаб айлантирилди ва бугун Эрон жануби-шарқида жойлашган Кирмон шаҳрига келтирилди. Маросимга мамлакатнинг турли нуқталаридан ҳам одамлар келишди ва унда юз минглаб кишилар иштирок этди.

Мавзу
Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эрон ташқи сиёсати бунёдкори, Яқин Шарқ бўйича бош стратеги, Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Кудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига биноан ўлдирилди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top