10:20 / 19.01.2020
3
43120

«Нотўғри талқин қилинмоқда». «Ўзатом» «Чернобил табиат учун жаннатга айлангани» ҳақидаги сурат бўйича изоҳ берди

Шу кунларда интернетда «Ўзатом» агентлиги логотипи туширилган ва Чернобил ҳудуди табиат учун жаннатга айлангани ҳақида ёзилган слайд сурат тарқалиб, бу ҳолат баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. «Ўзатом» агентлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 18 январь куни Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетида «Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтган. Унда Чернобил АЭС ён-атрофидаги тарк этиш зонаси мисолида радиация ва нурланишнинг турли генетик мутацияларга ҳамда табиатга салбий таъсири тўғрисида слайд кўрсатилган, унда «Чернобыль стал раем для природы» деб ёзилган. Агентликнинг қайд этишича, бу слайд ижтимоий тармоқларда «нотўғри талқин қилинмоқда».

«Айрим ижтимоий тармоқларда ядровий технологияларнинг хавфсизлиги масалалари тўғрисидаги презентациянинг контексти остидан чиқариб олиб нотўғри талқин қилиш ва тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, Чернобиль АЭСи ён-атрофидаги тарк этиш зонаси мисолида радиация ва нурланишнинг турли генетик мутацияларга ҳамда табиатга салбий таъсири тўғрисидаги слайд нотўғри талқин қилинмоқда ва тарқатилмоқда», дейилади хабарда.

«Ўзатом» агентлигининг маълум қилишича, очиқ мулоқотда чиқиш қилган маърузачи бу слайд билан қуйидагича фикр билдирмоқчи бўлган:

Ҳозирги кунда атом энергетикаси ва ядровий технологиялардан фойдаланиш соҳаси атрофида ҳақиқатга зид кўплаб афсоналар тарқалган. Шундай афсоналардан бири — радиациянинг таъсири натижасида наслда генетик ўзгаришлар ҳосил бўлиши.

Тарихда катта миқдордаги радиациянинг аҳоли ва табиатга таъсири ҳолатлари юз берган. Масалан, Чернобил ўрмонларида икки каллали ҳайвонлар ёки мутантлар яшаши тўғрисида афсона мавжуд. Ёки Японияда Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари бомбардимон қилингандан сўнг генетик ўзгаришлар билан болалар туғилгани ҳақида афсона мавжуд.

Кейинги слайдлардан кўриниб турибдики, Чернобил АЭСнинг тарк этиш зонасида ҳозирда одамлар яшамайди, у ерда ҳеч қандай хўжалик фаолияти амалга оширилмайди ва шу сабабли табиат гуллаб-яшнамоқда.

Қўшимча қилинишича, ушбу афсоналарнинг талқинидан ташқари, тадбирда атом электр станциясининг афзалликлари ва замонавий ядровий технологияларнинг хавфсизлик даражаси тўғрисида атрофлича маълумот берилганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top