11:20 / 20.01.2020
0
13431

2019 йилда Ўзбекистон қанча хорижий инвестицияларни ўзлаштиргани маълум бўлди

Фото: Patrick T. Fallon / Bloomberg

2019 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 220,7 трлн сўмга етказилиб, тасдиқланган йил прогнозига нисбатан 2 баробарга ўсди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, асосий капиталга инвестициялар хажми 189,9 трлн сўмни, 2018 йил кўрсаткичларига нисбатан ўсиш темпи эса 1,3 баробарни ташкил этди.

Асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2018 йилда 30 фоиздан амалдаги 36,2 фоизга қадар ўсди (умумий инвестициялар ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2019 йил натижалари билан 42,1 фоизни ташкил этди).

Ҳисобот даврида 2,8 мингдан ортиқ ижтимоий, инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди: 145 та йирик ишлаб чиқариш объектлари,167 та йирик ҳудудий лойиҳалар, 2,5 мингдан зиёд ижтимоий ва инфратузилма объектлари.

Инвестиция фаолиятининг сезиларли ўсиши 13,3 млрд. долларни ташкил этган хорижий инвестицияларнинг оқими ва ўзлаштирилиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, унда:

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар – 9,3 млрд. доллар (шундан асосий капиталга – 6,6 млрд. долл.;)

давлат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар – 4,0 млрд. доллар (шундан асосий капиталга – 3,2 млрд доллар) ўзлаштирилди.

Бунда ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий инвестициядаги улуши 37 фоизга етказилди (таққослаш учун 2018 йилда бу кўрсаткич 10,5 фоизни ташкил этган).

Марказий Осиё мамлакатларида хорижий инвестицияларнинг ўсиши ўртача 8-10 фоизни ташкил этган бўлса, Ўзбекистон Республикасида бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига (2,9 млрд.доллар, шундан асосий капиталга – 1,6 млрд доллар) нисбатан 3,2 баробарни ташкил этди (9,3 млрд доллар, шундан асосий капиталга – 6.6 млрд доллар) ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўсиш суръатлари бўйича республика етакчиликни таъминлади.

Хорижий инвестицияларни республикага жалб қилиш бўйича асосий хорижий ҳамкорларга Хитой, Россия ва Германия айланган. Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритадиган давлатлар умумий сони 50 тадан ошди. Йирик инвестор-давлатларнинг умумий жалб қилинаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлардаги улуши 34 фоизгача қисқарди.

2018 йил кўрсаткичларига нисбатан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилишнинг фаол ўсиши электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш (ўсиш – 7,5 баробар), металлургия (ўсиш – 4,6 баробар), тўқимачилик (ўсиш – 2,5 баробар), чарм-пояфзал (ўсиш – 2,1 баробар) ва нефть-газ (ўсиш – 2 баробар) тармоқларида кузатилди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар оқимининг ўсиш суръати ҳудудий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларда ҳам мустаҳкамланиб бориб, уларнинг умумий ҳажми 2019 йилда 4,8 млрд долларни (шундан асосий капиталда – 4,2 млрд доллар) ташкил этиб, 2018 йил мос даврига нисбатан 4 баравар ва 2017 йилга нисбатан 24 баравар кўпайди. Фақат хорижий капитал иштирокида ҳудудларда умумий қиймати 858,5 млн долларга тенг 167 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.

Инвестиция дастурига мувофиқ 2020 йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан асосий капиталга қарийб 233,2 трлн. сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилиши режалаштирилган, бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг – 7,1 млрд. доллар, давлат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар – 2,7 млрд. доллар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.

2020 йилда ижтимоий, инфратузилма ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган 2 мингдан зиёд объектлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган: 206 та йирик ишлаб чиқариш қувватлари, 240 та ҳудудий ишлаб чиқариш объектлари, 1,6 мингта ижтимоий ва инфратузилма аҳамиятига эга объектлар.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top