Иқтисодиёт | 14:20 / 05.06.2024
5589
2 дақиқада ўқилади

Туркиядан Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошди

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозим Холмуродов Туркия пойтахтида бўлиб ўтган "Ўзбекистон-Туркия стратегик муносабатлари – келажакнинг комплекс истиқболлари" мавзусига бағишланган симпозиумда иштирок этди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, Туркия Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган йирик тадбирда Туркия Президенти Администрацияси вакиллари, икки давлатнинг вазирлик ва идоралар раҳбарлари, етакчи сиёсатшунослари ва экспертлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш ва концептуал ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида йиғилдилар.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ўсиш динамикасининг юксак натижаларини қайд этдилар. Хусусан, сўнгги беш йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 баробар, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 баробарга ошиб, 1898 тага, Туркиядан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошди.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда – ўтган йил давомида 260 та янги ўзбек-турк қўшма корхонаси ташкил этилди ва бу Туркияни Ўзбекистондаги қўшма корхоналар сони бўйича бошқа ҳамкорлар орасида учинчи ўринга олиб чиқди. Икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сони 2,5 баробарга кўпайиб, ҳафтасига 90 тага етди.

Ўзбекистон томони Туркия ҳукумати, сармоявий ва саноат доиралари билан кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди. Тадбир иштирокчилари самарали меҳнат қилишга чақирилди, янги таклиф ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик ҳам билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид