19:45 / 22.01.2020
22
25182

МИБ ходимига босим ўтказган Паст Дарғом ҳокими ёрдамчиси 223 минг сўм жаримага тортилди

2019 йил декабрь ойида Kun.uz'да «Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Бугун, 22 январь куни МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Зокиров «Матбуот уйи»да ўтказилган брифинг чоғида ана шу воқеа юзасидан якуний маълумот берди.

Алишер Зокиров

Унга кўра, хизмат текшируви натижасида ўша куни далолатнома расмийлаштирган МИБ ходимлари ҳаракатида қонунбузилиш аломатлари топилмаган.

Қонунбузилишларга йўл қўйган Паст Дарғом туман Ободонлаштириш давлат корхонасига тегишли бетон тайёрлаш корхонаси томонидан давлатга 65 миллион сўмлик зарар етказилган. Дастлаб, ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Жўраевга етказилган зарар қопланмаса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши маълум қилинган. 65 миллион сўмлик зарар қоплаб берилгач, жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Шунингдек, МИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган ҳокимлик ходими А.Мардиев ва бетон тайёрлаш корхонаси ходими Р.Аннабозоровларга нисбатан Паст дарғом туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Суд қарори билан МИБга қаршилик кўрсатиб, электрдан ноқонуний фойдаланишга шароит яратган ходимларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Асрор Мардиев (чапда) ва Рамшид Аннабозоров (ўнгда)

Эслатиб ўтамиз, Жума шаҳридаги «Қатортерак» маҳалласи яқинида 2 гектардан ортиқ тутзор август ойида кесилиб, Ободонлаштириш бошқармасига қарашли бетон тайёрлаш корхонасига берилган.

Бетон тайёрлаш корхонаси электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ва энергия сотиш корхоналарига бир тийин тўламасдан келган.

2019 йил 4 декабрь куни МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғи ўринбосари Суҳроб Жалилов ва бўлимнинг яна бир ходими воқеа жойини ўрганиб, электр ҳисоблагичсиз ишлаётган трансформаторни муҳрлаб, далолатнома имзолаганда уларга кескин қаршилик кўрсатилган. Жумладан, бетон тайёрлаш корхонаси иш юритувчиси Рамиз Аннабозоров пломба ва муҳрларни юлиб ташлаб, автоматни ёқиб, корхонани яна ишга туширган. Шунингдек, Паст Дарғом туман ҳокимининг ёрдамчиси Асрор Мардиев ушбу вазиятда МИБ ходимларига босим ўтказиб, электрдан узмасликни талаб қилган.

Мазкур воқеа сайтда эълон қилингач, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса электр энергияси танқис бўлган қиш ойларида халқ мулкидан ноқонуний фойдаланиши ва бу ишга ҳоким ёрдамчисининг бош-қош бўлиши, электр таъминоти идораси раҳбари ҳам корхонани тармоқдан узолмагани ўқувчилар ўртасида норозиликка сабаб бўлди.

Кейинроқ, бу масала Самарқанд вилояти ҳокимлиги, МИБ вилоят бошқармаси, вилоят электр тармоқлари корхонаси ходимлари ва Kun.uz нашри мухбирлари иштирокида жойида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи томонидан Паст Дарғом туман электр таъминоти корхонасига жами 56 986 364 (эллик олти миллион тўққиз юз саксон олти минг уч юз олтмиш тўрт) сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top